Ўзбекистон | 22:35 / 13.11.2025
8328
4 дақиқада ўқилади

Уй-жой хариди бўйича янгилик ва қизамиқ асоратидан вафот этаётган болалар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2026 йилда инфляция даражасини 7 фоизгача тушириш режа қилинмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевга инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган вазифалар тўғрисида ахборот берилди.

Таъкидланишича, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси ўтган йилги 10,2 фоиздан 7,8 фоизгача пасайган. 2026 йилда бу кўрсаткични 7 фоизгача тушириш, 2027 йилда эса 5 фоиз доирасида ушлаб туриш режалаштирилмоқда.

Шу мақсадда ички бозорда товар ва хизматлар таклифини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 2026 йилда банклар аграр тармоқ, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиради.

Уй-жой хариди учун банкда эскроу ҳисобварағини очишга рухсат берилди

«Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарор билан бир қатор янгиликлар белгиланди, жумладан:

- Энди мижозлар банкларда эскроу ҳисобварақларини очиши мумкин (маълумот учун: бу ҳисобварақлар электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси, улушли шартномалар бўйича ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда қўлланади).

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш жараёнида эскроу тизими амалиётга жорий этилди. Бунда амалдаги ва янги тизим параллел равишда қўлланади. 2026 йил 1 январдан бошлаб фақат эскроу ҳисобварақ орқали ҳисоб-китобларга рухсат этилди. Бу тизим қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ва мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши керак.

Тошкент шаҳри ва вилоятида атмосферага зарар етказаётган 100 дан ортиқ хўжалик фаолияти тўхтатилди

Экология вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда маҳаллий ҳокимликлар иштирокида ўтказилган кенг кўламли назорат тадбирлари доирасида 4869 та объект кўриб чиқилди. Қонун талаби бузилган ҳолатларда 106 та хўжаликнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди, 58 та иссиқхонага маъмурий жарима қўлланди, 387 ҳолат бўйича расмий огоҳлантириш юборилди.

Ўрганишлар давомида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланиб, кескин чоралар кўрилди. Жумладан, баъзи хўжаликларда зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатувчи моддалар ҳавога чиқарилгани, дудбурондан фойдаланиш қоидалари бузилгани қайд этилди.

Қизамиқ асоратидан қарийб 40 нафар бола вафот этгани айтилмоқда

Склерозлашган панэнцефалит – қизамиқ вирусидан кейин пайдо бўладиган, мия тўқималарини аста-секин емирадиган касаллик. Айтишларича, Ўзбекистонда бу касалликка чалинган болалар сони 300 нафарга етган.

Kun.uz’га мурожаат қилган ота-оналар ҳисоб-китобига кўра, ушбу касалликка чалинганлар умумий ҳисобда шу вақтга қадар 300 нафардан ошган, уларнинг қарийб 40 нафари вафот этган. Расмий маълумотларда эса 2025 йил феврал ҳолатига 133 нафар бола мазкур касаллик бўйича рўйхатга олинган, улардан 12 нафари ҳаётдан кўз юмгани таъкидланган.

Аввал республика ҳудудида деярли учрамагани сабабли мазкур хасталикни даволашга ихтисослашган шифокор, препаратлар ва даволаш чоралари мавжуд эмас.

Самарқандлик аёл эрини қамоқдан чиқариш учун алимент қарзини ўзи тўлади

Паст Дарғом туманида ғалати ҳолат қайд этилди. Бир хонадонда истиқомат қиладиган оилада аёл суд тартибида алимент ундирган. Навбатдаги жанжалдан кейин эр алимент тўланмагани учун 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Турмуш ўртоғисиз рўзғор юритиш мушкуллашгач, аёл алимент бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаб берди ва бешинчи куниёқ судга мурожаат қилди. Суд қарорни бекор қилди ва эр озодликка чиқарилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид