Ўзбекистон | 23:32 / 14.11.2025
3894
5 дақиқада ўқилади

Янги темирйўл йўналишлари ва аҳолининг ягона электрон тиббий картаси – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Тошкент Ҳумо» аэропортида биринчи хорижий давлат раҳбари кутиб олинди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги қурилган «Тошкент Ҳумо» (қурилиш вақтидаги номи «Тошкент-Шарқий») аэропортига қўнган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. Уни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Ташриф дастурига мувофиқ, эртага, 15 ноябр куни олий даражадаги музокаралар ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Саммит доирасида йирик қўшма лойиҳалар ишга туширилиши ва икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек, 15-16 ноябр кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳам бўлиб ўтади.

Республика бўйлаб 15 та янги темирйўл йўналиши очилади

Президент Шавкат Мирзиёевга темирйўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йиллар учун режалар тақдимот қилинди.

2026–2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Буни таъминлаш учун 151 километр янги темирйўл қуриш, 182 километр масофадаги йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та мавжуд станция ва 1 минг километр йўлни модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Республика бўйлаб шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинди. Келгуси йилларда янги очиладиган йўналишлар ва қурилаётган йўллар учун локомотив ва вагонлар паркини кенгайтириш бўйича ҳам режалар баён этилди.

Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон тиббий картаси яратилди

2025 йилда 20 дан ортиқ модулни ўз ичига олган DMED ягона электрон ахборот тизими яратилиб, 36 миллиондан ортиқ аҳолининг тиббий маълумотлари дастур базасига киритилди ва ўзбекистонликларнинг ягона электрон тиббий картаси (MED-ID) шакллантирилди.

40 га яқин клиник йўналиш бўйича 400 дан ортиқ протокол ва даволаш стандартлари орқали ташхислаш йўлга қўйилди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тажриба-синов тариқасида «Электрон рецепт» тизими тўлиқ ишга туширилди. Таъкидланишича, ушбу тизим орқали контрафакт, сифатсиз, қалбаки дори воситаларини реализация қилиш ҳолатларининг олди олинади.

DARMON ва DMED ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси орқали 3100 дан ортиқ рецептли ва рецептсиз дори воситаларининг автоматик янгиланадиган электрон рўйхати шакллантирилди.

Президент ташаббуси билан учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда атроф-муҳит ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво», «Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон» ва «Экомерос» каби учта йирик экологик лойиҳага старт берилди.

Лойиҳалар аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш, ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашни мақсад қилади.

«Тоза ҳаво» лойиҳаси доирасида ягона экологик мониторинг маркази ташкил этилади. Биринчи ва иккинчи тоифадаги саноат корхоналарини замонавий филтр ва тозалаш иншоотлари билан жиҳозлаш асосий қадам сифатида белгиланган. «Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон» лойиҳасида чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг мутлақо янги, замонавий тизими яратилади. «Экомерос» деб номланган учинчи лойиҳа эса Ўзбекистоннинг ноёб табиий бойликларини асрашга қаратилган.

Божхоначилар қарийб 1 трлн сўмлик ноқонуний товар айланмасини тўхтатди

Божхона қўмитасида 2025 йилнинг январ–октябр ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда яширин иқтисодиётга қарши курашиш доирасида 34,6 минг ҳолатда қарийб 1 триллион сўмлик ноқонуний товар айланмасига чек қўйилгани маълум қилинди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь–август ойларида чегара-божхона постлари орқали 1,5 миллионга яқин юк автотранспорт воситалари (+25 фоиз), 670 мингдан зиёд юкли вагонлар (+14 фоиз), шунингдек, 50,5 миллион нафар йўловчи (+10 фоиз) ҳаракатланган.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида 34,6 минг ҳолатда салкам 1 трлн сўмлик товарлар, жумладан, 73,3 млрд сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 114,1 млрд сўмлик заргарлик буюмлари ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид