Россия Фанлар академияси Об дарёси сувининг бир қисмини Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга йўналтириш имконияти ўрганилаётгани ҳақида хабар берди. Россиядан Орол денгизига сув олиб келиш мавжуд реалликка қанчалик мос келади? Бу имконли ишми?
Марказий Осиё мамлакатлари кун тартибидаги энг ўткир ва долзарб масала – сув танқислигидир. Аҳолининг табиий ўсиши ва сув истеъмоли кўпайиши, иқлим ўзгариши натижасида аномал иссиқ об-ҳаво янги меъёрга айланиб бораётгани, қорли кунлар сонининг қисқариши, шунингдек, сув ресурсларидан иррационал фойдаланиш бу муаммони чуқурлаштиряпти. Шу жиҳатдан вазиятни яхшилаш учун айтиладиган ҳар қандай таклиф ёки ғоялар мутахассислар томонидан ҳам, минтақа халқлари томонидан ҳам жиддий қабул қилинади ва ўрганилади. Хусусан, Россия Фанлар академияси Об дарёси сувининг бир қисмини Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга йўналтириш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини ўрганаётгани ҳақида хабар берилди. Сибир дарёларидан Орол денгизига сув олиб келиш қанчалик мавжуд реаллик мос келади? Бу имконли ишми? Бугун шу ҳақида гаплашамиз.

Лойиҳанинг пайдо бўлиши
Россия дарёларидан Оролга канал тортиб келиш лойиҳаси кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. 1868 йилда Киев университети битирувчиси Яков Демченко Об ва Иртиш дарёлари сувини Орол–Каспий пасттекислигига оқизиш режасини ишлаб чиққанди. Ўша пайтда бу ишга эҳтиёж йўқлиги сабабли унинг ғоялари қоғозда қолиб кетади. Узоқ танаффусдан сўнг, 1948 йилда академик Владимир Обручев қурғоқчил Ўрта Осиёни Сибир сувлари билан «тўйинтириш» имкониятлари ҳақида Сталинга хат ёзди. «Халқлар доҳийси» бу режани эътиборсиз қолдиради.
Лойиҳанинг ашаддий тарафдорларидан бири Қозоғистон ССР Фанлар академияси раиси Шафиқ Шокин эди. У агар шимолдаги дарёлар жанубга бурилмаса, яқин йилларда Орол қуриб битиб, чўл шамоллари денгиз тубидаги минглаб тонна тузларни ҳавога кўтариши, атрофдаги юзлаб километр майдонлар яшашга яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидлайди.
1960 йиллардан бошлаб Сибир дарёларини жанубга буриш учун реал сабаб пайдо бўлади: Марказий Осиёнинг табиий ресурслари поёнлаб борар, пахтага эҳтиёж эса йил сайин ортаётганди. Бир пайтлар тўлиб-тошиб оққан Сирдарё ва Амударё сувлари Оролга деярли етмас, денгиз барчанинг кўз ўнгида улкан тузли кўлмакка айланиб борарди. Агар мазкур лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги жуда катта ҳудудларни ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўларди.









