Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда хорижий валютага талаб ва таклиф қандай ўзгаряпти?
2025 йилнинг 10 ойида ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган таклиф ҳажмининг ўсиши талаб ҳажми ўсишидан юқори бўлди. Хусусан, ҳисобот даврида аҳоли банкларга сотиб олганидан 7,8 млрд доллар кўпроқ валюта сотди. Бунда хориждан пул ўтказмалари миқдорининг сезиларли даражада ошгани асосий омиллардан бири бўлди.
Фото: Shutterstock
2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклифнинг бирдек ўсиши кузатилган. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
Ҳисобот даврида хорижий валютага бўлган талаб 48,4 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўп. Валюта таклифи эса (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 41,2 млрд долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 26 фоизга юқори.

Валюта бозоридаги таклифнинг яна бир манбаи Марказий банк томонидан сотиб олинган монетар олтин доирасидаги стерилизация операциялари (халқаро захираларнинг нейтраллик тамойили асосида) орқали валюта маблағларининг сотилиши ҳисобига таъминланган.
Юридик шахсларнинг валюта операциялари
Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2025 йилнинг дастлабки 10 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, улар томонидан валюта таклифи ҳажми 38 фоизга ошган. Хусусан, экспорт тушумлари ҳисобига шаклланадиган валюта таклифи ҳажми ушбу даврда 18 фоизга ошиб, 14,5 млрд долларга етган. Ушбу экспорт тушумларнинг 8,1 млрд доллари ёки 56 фоизи ички валюта бозорида сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ёки 6,6 млрд долларга кўп).
Шунингдек, ушбу даврда ички валюта бозорига 7,3 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63 фоизга кўп).

Сотиб олинган хорижий валютанинг асосий қисми – 51 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 27 фоизи – хорижий валютадаги кредитларни сўндириш, 17 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 3 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.
Жисмоний шахсларнинг банклар билан операциялари
Жисмоний шахслар банкларга 17,4 миллиард доллар сотди — бу ўтган йилга (13,2 миллиард) нисбатан 1,3 баравар кўп. Аҳоли томонидан валюта сотиб олиш 24 фоизга ошиб, 9,6 миллиард долларга етди.
Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 7,8 млрд долларга ортиқ бўлди (2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробар кўп).

Мазкур даврда аҳолининг банкларга валюта сотувининг асосий манбаи бўлган халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга 15,8 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушди (2024 йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоиз ёки 3,2 млрд долларга кўп). Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатдан 2,2 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари чиқиб кетган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 147 млн долларга кам.
Валюта айирбошлаш курси динамикаси
Миллий валюта айирбошлаш курсида мустаҳкамланиш тенденцияси давом этиб, январ-октябр ойлари давомида унинг қадри 7 фоизга ошган.

“Мамлакатимизда экспорт, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари каналлари орқали валюта оқимларининг сезиларли даражада ошиши, шунингдек, хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсувчи динамикаси ҳамда импортнинг нисбатан барқарорлашиши ички валюта бозорида валюта курси мустаҳкамланишига таъсир этган омиллардан бўлди”, дейилади МБ изоҳида.
Мавзуга оид
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
16:32 / 28.11.2025
Фуқароларга ўз маошини оладиган банкни танлаш ҳуқуқи берилади
16:13 / 28.11.2025
Марказий банк қошида венчур фонд ва инновацион ҳаб ташкил этилади
11:26 / 28.11.2025