Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италия Nord Stream иши бўйича гумонланувчини Германияга топширди
“Шимолий оқим” газ қувурлари портлатилиши иши доирасида гумонланаётган Украина фуқароси Сергей К. Италиядан Германияга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Германия федерал прокуратураси маълум қилди.
Фото: REUTERS
“Шимолий оқим” газ қувурларини портлатиш иши доирасида гумонланаётган Украина фуқароси Сергей К. Италиядан Германия Федератив Республикасига экстрадиция қилинди. Бу ҳақда 27 ноябр, пайшанба куни Карлсруэ шаҳрида жойлашган Германия федерал прокуратураси хабар берди.
49 ёшли К. Nord Stream ишида асосий гумонланувчи ҳисобланмоқда — dpa агентлиги маълумотларига кўра, у газ қувурларини портлатиш операциясини мувофиқлаштирган, деб тахмин қилинмоқда. Германия прокуратураси Сергей К.ни портлашларга шериклик қилиш ва конституцион тузумга қарши диверсия фаолиятида айбламоқда. Эҳтимол, у Ҳамбургда суд олдида жавоб беради.
Италиянинг энг юқори суд инстанцияси — Кассация суди 19 ноябр куни Сергей К.ни Германияга топшириш тўғрисидаги қарорни якуний тарзда тасдиқлаган эди.
Сергей К.нинг адвокати Никола Канестрини 4 ноябр куни маълум қилишича, ҳимоя остидаги шахс 31 октябрдан бери озиқ-овқатдан воз кечган, бу орқали ўз ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилган. Украиналик маҳкум унга “тўғри овқатланиш, соғлом муҳит, қўриқланишида муносиб шарт-шароитлар ҳамда оила аъзолари билан учрашувлар ва ахборотга етарли даражада кириш имкони бўйича бошқа маҳкумлар билан тенг муносабат”ни таъминлашни талаб қилган.
Бир ҳафтадан сўнг Канестрини Сергей К. очлик акциясини тўхтатганини, чунки Италия расмийлари унинг ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишга ваъда берганини билдирди. Адвокатнинг айтишича, унинг мижози очлик даврида 9 килограмм вазн йўқотган.
Сергей К. ёзда оиласи билан дам олаётган Адриатика денгизи соҳилида қўлга олинган. Германия терговчилари маълумотларига кўра, украиналик гумонланувчи тўрт нафар ғаввосни ўз ичига олган етти кишилик гуруҳга раҳбарлик қилган. Газ қувурларини портлатиш режасини амалга ошириш учун улар Германияда Andromeda (“Андромеда”) номли яхтани ижарага олган ва у билан Болтиқ денгизига чиққан.
“Шимолий оқим” газ қувурларини портлатиш ишидаги яна бир гумонланувчи — илгарироқ Полшада қўлга олинган, 46 ёшли Украина фуқароси Владимир Ж.ни Германияга экстрадиция қилишдан Варшава суди октябр ўрталарида бош тортган эди. Шу билан бирга, уни қамоқдан озод қилишга ҳам қарор қилинган. Судя Дариуш Любовский Берлиннинг экстрадиция тўғрисидаги сўровини “кўриб чиқишга арзимайди” деб баҳолади. Полша бош вазири Доналд Туск суд қарорини тўғри, деб атади.
“Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим – 2” қувурларидаги портлашлар 2022 йил 26 сентябр куни катта халқаро шов-шувга сабаб бўлган эди. Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсли уруши бошланганига ярим йил бўлганида, Болтиқ денгизидаги Борнхолм ороли яқинида бир неча сувости портлашлари қувурларни вайрон қилди. Кейинчалик газ қувурининг тўртта тармоғидан учтасида газ сизиб чиқиши аниқланди ва улар орқали газ етказиб бериш имкони йўққа чиқди.