Спорт | 20:50 / 29.11.2025
5334
3 дақиқада ўқилади

Ҳамма нарсага ижобий баҳо беришни украиналиклардан ўргандим - Арда Турон

«Шахтёр»нинг туркиялик бош мураббийи уруш шароитида украиналикларнинг матонатига қойил қолишини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Украинанинг «Шахтёр» клуби бош мураббийи Арда Турон Конференциялар Лигасидан ўрин олган Ирландиянинг «Шэмрок Роверс» (2:1) клубига қарши Дублинда ўтказилган ўйиндан кейин ўз фикрларини айтди.

Туркиялик мутахассис Ирландияга етиб олиш учун жамоа жуда кўп вақтини йўлда ўтказганини таъкидлади.

«Негатив гапирмоқчи эмасман, футболчиларимга миннатдорлик билдираман. Бу ерга 16 соат йўл босиб келдик. Шароит яхши бўлса-да, 16 соатлик йўл осон эмас. Самолётдан тушиб фақат тикланиш машғулотини ўтказдик. Чунки узоқ вақт йўл босиб ўтилганидан кейин тўлақонли машғулот ўтказиш деярли иложсиз», деди у.

Арда Турон қийин вазиятларда украиналиклардан ўрнак олишини, оғир вазиятларда ижобий фикрлашни улардан ўрганганини таъкидлади.

«Бошқа томондан олиб қарасак, ҳамма нарсага ижобий баҳо беришга ҳаракат қиламан. Буни кимдан ўрганганимни айтайми? Украиналиклардан. Мен у ерга бораман, бомбалар ёғилади, улар эса хотиржам: «Хўп, бу шунчаки ракета», дейди. Улар учун дрон муаммо эмас, кеча шунга дуч келдик. Уларни жуда ҳурмат қиламан, негатив томонлар жуда кўп, юзлаб топилади. Аммо ижобий назар соламиз. Ва яна дунё етакчиларига мурожаат қилмоқчиман. Билмадим, балки Трамп, балки Путин ёки Эрдўған ёки Зеленскийга. Ҳозир болаларга жуда оғир, улар уруш нима эканини ўйлаяптими? Улар Марс ёки бошқа нарсалар ҳақида ўйлаши мумкин эди. Лекин ҳозир урушнинг вақти эмас. Агар Киевда лоақал бир тунни ўтказсангиз, шунда футбол ҳақида гапира оласиз. Бу одамлар шуларнинг барчасидан ўтади. Уларни жуда ҳурмат қиламан, украиналикларни яхши кўраман. Футболчиларимни ҳам яхши кўраман, ғалаба қозонса ҳам, ютқазса ҳам. Бу менга муаммо эмас. Украиналиклар мен учун оиламдек бўлиб қолганини ҳис қиляпман. Бу мен учун жуда ҳиссиётли», деди Арда Турон.

«Шахтёр» клуби Конференциялар Лигасида 4 ўйиндан кейин 9 очко жамғариб, пешқадамлар сафида бормоқда.

38 ёшли Турон 2025 йил май ойидан бери «Шахтёр» клубига мураббийлик қилмоқда. Ўтмишда у «Галатасарой», «Атлетико Мадрид» ва «Барселона» каби клубларда тўп тепган. Туркия миллий жамоаси сафида 100 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол урган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид