Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Норасмий қурилиш улуши жами қурилиш бозорининг 25 фоизини ташкил этди
2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда норасмий сектор томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 61,7 трлн сўмни ташкил этди ва жами қурилиш бозорининг чорак қисмидан — 25 фоизидан ортиғини ўз ичига олди.
Фото: Kun.uz
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойида норасмий секторда амалга оширилган қурилиш ишлари 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоизга ошган. Мутахассислар буни аҳоли томонидан мустақил тарзда уй-жойлар қуриш ва таъмирлаш ишлари, шунингдек, кичик хусусий қурилиш ташаббусларининг кучайиши билан изоҳламоқда.
Норасмий сектор томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсиш динамикасига эга. Январ–октябр ойлари кесимида ушбу кўрсаткич йиллар бўйича қуйидагича шаклланди:
- 2021 йил – 16,6 трлн сўм;
- 2022 йил – 19 трлн сўм;
- 2023 йил – 22 трлн сўм;
- 2024 йил – 54 трлн сўм;
- 2025 йил – 61,7 трлн сўм.
Кўринадики, сўнгги икки йилда норасмий қурилиш ишлари ҳажми кескин ошган. Бу эса норасмий қурилиш фаолияти улуши ортиб бораётгани, шу билан бирга, бу сегментни ҳуқуқий майдонга чиқариш ва тўлиқ ҳисобга олиш вазифаси долзарблигича қолаётганини кўрсатмоқда.