Ўзбекистон | 15:43
582
2 дақиқада ўқилади

Медиаторларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш механизми аниқлаштирилди

Адлия вазири буйруғи билан ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом тасдиқланиши кўзда тутилмоқда. Низомда медиаторларнинг қонунчилик ва касб этикаси қоидаларини бузиши ҳолатларини кўриб чиқиш, интизомий иш юритишни қўзғатиш ва жазо чораларини қўллаш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Ҳужжатда медиаторларни Реестрга киритиш учун малака имтиҳонини ўтказиш билан бирга, улар фаолиятига оид интизомий иш юритиш тартиби ҳам белгилаб берилган.

Низомга кўра, медиаторларнинг медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ёки Медиаторнинг касб этикаси қоидаларини бузиши ҳолатлари ҳудудий адлия органлари томонидан аниқланган тақдирда, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ёки суднинг хусусий ажрими асосида интизомий иш юритиш қўзғатилиши мумкин.

Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш жараёнида малака комиссияси заруратга кўра қўшимча ҳужжатларни сўраб олиши, медиатор ва манфаатдор шахсларнинг тушунтиришларини тинглаши, иш материаллари билан танишиш ва адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаши назарда тутилган.

Интизомий иш натижалари бўйича комиссия қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

  • огоҳлантириш бериш;
  • медиатор фаолиятини олти ойгача тўхтатиб туриш;
  • медиаторни Реестрдан чиқариш;
  • қўшимча ўрганиш зарурати бўлса, ишни кейинги мажлисга қолдириш;
  • жазо қўллашни рад этиш ва иш юритишни тугатиш.

Шунингдек, низомда комиссия қарорларидан норози бўлган томонлар белгиланган тартибда Олий малака комиссиясига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланмоқда.

Янги низом медиаторлар фаолиятида қоидабузарликлар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш ва интизомий чоралар қўллаш тартибини аниқ белгилаб, тартиб-таомилларнинг шаффофлиги ҳамда ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга қаратилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид