Жаҳон | 15:11
892
2 дақиқада ўқилади

AFP: Россиянинг Украина ҳудудларига ҳаво ҳужумлари сони камайган

2025 йил декабр ойида РФ армияси Украина ҳудудларига ўтган ойга нисбатан камроқ ҳужум қилган. Шу даврда Украина томонидан йўқ қилинган Россия дронлари ва ракеталари сони ҳам камроқ бўлганини AFP агентлиги ҳисоблаб чиққан.

Фото: Stringer/REUTERS

2025 йил декабр ойида Россиянинг Украина ҳудудларига дрон ва ракеталардан фойдаланган ҳолда қилган ҳужумлари сони бироз қисқарган. Франциянинг AFP агентлиги 1 январ, пайшанба куни, Украина Ҳаво кучлари маълумотларини таҳлил қилиб, шундай хулосаларни эълон қилди.

AFP ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил декабр ойида Россия тунги ҳужумлар чоғида Украинага камида 5134 та дрон учирган. Бу ўтган ойга нисбатан 6 фоизга кам. Шу даврда РФ ҚКнинг Украинага ракеталар қўлланган тунги ҳужумлари сони ҳам 18 фоизга камайган.

Шу статистикага кўра, декабр ойида Украина умумий ракета ва дронлар сонига нисбатан ноябрга қараганда камроқ улушни йўқ қилишга муваффақ бўлган: 80 фоизга (декабр) қарши 82 фоиз (ноябрь).

Украина Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ кечасида Россия Украинага 205 та дрон билан ҳужум қилган, шулардан 130 таси — Shahed туридаги учиш аппаратлари бўлган. Учиришлар РФ ҳудудидаги Орёл, Брянск, Курск, Приморско-Ахтарск, Миллерово йўналишларидан, шунингдек қўшиб олинган Қримдаги Чауда бурунидан ва “Гвардейское” авиабазасидан ҳамда Донецкдан амалга оширилган.

1 январ куни соат 8:30 ҳолатига кўра, Украина ҳаво мудофааси кучлари мамлакатнинг шимоли, жануби ва шарқида 176 та Россия дронини уриб тушириш ёки радиоэлектрон тарзда босиб қўйишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, 24 та ҳужумкор дрон 15 та нуқтада ўз нишонларига етиб боргани қайд этилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид