Жаҳон | 22:42 / 14.01.2026
3074
9 дақиқада ўқилади

Музликлар узра катта рақобат: Гренландия АҚШга нега керак?

Трамп Гренландияни “ихтиёрий-мажбурий” тарзда сотиб олмоқчи. Дания кўнмаса, иқтисодий ва ҳарбий босим ўтказишини ҳам очиқча айтяпти. Хўш, Қўшма Штатлар музликлардан иборат оролни нега тўлақонли ўзиники қилмоқчи? Ўзи бу оролнинг халқаро ҳуқуқий мақоми қандай?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Гренландиядунёдаги энг катта орол. Унинг геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамияти охирги пайтларда ниҳоятда ошиб кетди. Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги стратегик жойлашуви оролни АҚШнинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизими учун муҳим нуқтага айлантиради. Унинг минерал бойликлари эса Американинг Хитой экспортига қарамликни камайтириш амбицияларини ўзида акс эттиради.

Гренландиянинг ҳуқуқий мақоми

Гренландия 2,1 миллион километр квадратдан ортиқ майдонга эга бўлиб, ҳудудининг қарийб 80 фоизи музликлардан иборат. Аҳолиси 57 минг киши. Орол 1814 йилда Дания томонидан эгалланган. 1979 йилда кенг кўламли ўзини ўзи бошқариш ваколатини қўлга киритган. Яъни таълим, соғлиқни сақлаш, солиқ ва бюджет сиёсати каби ички масалалар мустақил тарзда кўриб чиқилади, фақатгина мудофаа ва ташқи сиёсат масалалари билан ҳамон Дания шуғулланади.

2009 йилги келишувга кўра, Гренландия мустақиллик эълон қилиш ҳуқуқига эга. Аммо, балиқчилик ва қироллик томонидан ажратиладиган катта субсидияларга боғлиқлик сабаб, бу масала кун тартибида фаол муҳокама қилинмайди. Орол мустақил давлат эмас, аммо ички бошқарувда жуда катта ваколатларга эга автоном ҳудуд.

Гренландияда шу қадар кўп муз тўпланганки, у бутунлай эриса, дунё океани сатҳи 7,4 метрга кўтарилиши мумкин. Ушбу ҳудуд АҚШнинг бир қатор штатлари ва Европа мамлакатлари иқлимининг шаклланишида ҳам жуда муҳим рол ўйнайди.

Трампга Гренландия нега керак?

Гренландиянинг ялпи ички маҳсулоти 3 млрд долларни ташкил этади. Бу АҚШ учун жуда кичкина иқтисодий кўрсаткич. Бироқ ҳудуднинг умумий салоҳияти жуда юқори. Орол замонавий технологиялар ва яшил энергетика учун зарур нодир қазилма металлар ва бошқа қимматли минераллар захираларига эга. Бундан ташқари, Гренландия қирғоқлари яқинида 52 млрд баррель нефть бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилиняпти. Айни шу омил оролнинг стратегик аҳамиятини янада оширади.

Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги стратегик жойлашуви Гренландияни – АҚШнинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизими учун муҳим ҳудудга айлантиради. АҚШ бу ерда совуқ урушдан бери ракетадан эрта огоҳлантирувчи тизимларини сақлайди. Оролда Қўшма Штатларнинг Питуффик ҳарбий базаси ҳам жойлашган. Шу сабабли Трамп илгари ҳам, иккинчи муддати бошида ҳам АҚШ юрисдикцияси Гренландияга татбиқ этилиши кераклигини бир неча бор айтган. У минерал ресурсларга бой оролни назоратга олиш учун ҳарбий куч ишлатишни истисно қилмаяпти. Аммо, асосий урғу – ҳудудни тинч йўл билан қўлга киритиш.

Ўтмишда Луизиана ва Аляскани сотиб олиш масалалари ҳам аввалига баҳсли бўлган, лекин бугунги кунда улар АҚШ иқтисодиёти ва геосиёсий мавқейини кучайтирган, узоқни кўзлаб қабул қилинган қарорлар сифатида эътироф этилади.

Критик минераллар уруши

Критик минераллар яшил энергетика тизимлари, яримўтказгичлар, батареялар ва мудофаа қурилмалари ишлаб чиқариш учун муҳим хомашёдир. Ушбу саноатда Хитой етакчи ҳисобланиб, алюминий, литий ва кобальт ишлаб чиқаришнинг ярмидан кўпига, нодир металларининг 90 фоиз ва табиий графитнинг 100 фоиз қисмига эгалик қилади. Содда қилиб айтганда Вашингтон Пекинга бу борада жуда ҳам қарам бўлиб қолган.

Биринчидан, критик минераллар ва нодир металларга боғлиқлик ривожланган ҳарбий технологияларни ишлаб чиқариш ва янгилари устида тадқиқот олиб боришни АҚШда Хитойдагига қараганда қимматроқ қилади. Натижада замонавий қуроллар пойгасида Хитойнинг имкониятлари юқори ўринга чиқади. Бугунги кунда ҳарбий ҳаракатларнинг энг муҳим воситасига айланган дронларни мисол тариқасида оладиган бўлсак, мазкур ускуналарнинг парвоз қилиш давомийлигини ошириш ва батареяларини такомиллаштиришда критик минераллар ва нодир металлар муҳим ўрин тутади. Батареялар соҳасида ортда қолиш АҚШга масофадан бошқариладиган технологиялар борасида ҳам Хитой билан рақобатлашишни мураккаблаштиради. Чунки стратегик алоқани таъминлаш учун маълум масофаларда жойлаштирилган радар қурилмаларининг самарадорлиги батареяларга боғлиқ.

Иккинчидан, иқтисодий рақобат ва бизнес манфаатлар тўқнашувида ҳам Хитой АҚШга қараганда яхшироқ ҳолатда бўлади. Масалан, электр машиналар саноатида BYD Трампнинг ҳамкори Илон Маскка тегишли Tesla’га жиддий рақиб саналади. 2025 йилда Хитой гиганти 2,25 миллионта электромобил сотишга эришган бир пайтда, Илон Маскнинг компанияси 1,64 миллионта электрокар сота олди. Натижада BYD жаҳон электромобил бозорида биринчи марта, бўлганда ҳам жуда катта фарқ билан Tesla’ни ортда қолдирди. Маълумки, электр машиналар батареяларини ишлаб чиқариш критик минераллар ва нодир металларга боғлиқ. Батареялар билан бир қаторда, Хитой чекловлар рўйхатида асосий ўринларни эгаллайдиган галий ва германий минераллари яримўтказгичлар саноатида муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Яримўтказгичлар эса ўз навбатида сунъий интеллект тизимлари самарадорлигини таъминлаб беради. Бу Хитой микроэлектроника соҳасида АҚШга боғлиқ бўлганидек, АҚШ ҳам Хитойнинг хомашёларисиз мураккаб вазиятда қолиш эҳтимоли борлигини англатади.

Экспанциями ёки келишув?

Бир неча кун олдин Трамп Гренландия Россия ёки Хитой қўлига ўтиб кетмаслиги учун ҳудудни АҚШнинг ўзи эгаллаши лозимлигини айтди.

«Мамлакат мулкка эгалик қилиши ва ижарага олинган жойни эмас, ўз мулкини ҳимоя қилиши керак, биз Гренландияни ҳимоя қилишимиз керак бўлади», – деди Трамп BBC журналистининг саволига жавобан.

У Вашингтон бунга эришиш учун «оддий йўл»дан ҳам, «оғир йўл»дан ҳам бориши мумкинлигини қўшимча қилди. АҚШ Гренландияни айнан қандай йўл билан ўз назоратига олиши мумкин? Халқаро экспертлар бунинг бир қанча эҳтимолий сценарийларини кўриб чиқишяпти.

Энг радикал ва эҳтимоли кам вариант – оролни куч билан эгаллаш. Албатта, АҚШ дунёдаги энг қудратли ҳарбий салоҳиятга эга мамлакат сифатида, Гренландияни куч билан босиб олишга қодирлигига шубҳа йўқ. Шунга қарамай, расман иттифоқчининг ҳудудини оккупация қилиш – ҳам стратегик, ҳам оператив жиҳатдан америкаликлар Венесуэлада ўтказган операциядан бутунлай фарқ қилади. АҚШ армияси тўғридан тўғри интервенцияга қўл урадиган бўлса, «кўнгилсиз воқеалар билан» тўқнаш келиши мумкин, деб ҳисоблайди экспертлар.

Ҳатто Гренландияни куч билан босиб олишга муваффақ бўлган тақдирда ҳам, агар аҳолининг катта қисми уларни босқинчи сифатида қабул қилса, келгусида америкаликлар оролнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиши қийин бўлади. Бундан ташқари, бундай қадам НАТО бўйича иттифоқдош билан тўғридан тўғри тўқнашувни англатади ва кенг кўламли халқаро инқирозни келтириб чиқаради.

Аксарият таҳлилчилар фикрича, агар Трамп Гренландияни тўлиқ босиб олиш ғоясини амалга оширмоқчи бўлса, у Данияни бунга бошқа йўллар билан рози бўлишга мажбур қилади. Бу вариантдаги муҳим инструмент – пул билан боғлиқ. Гренландия аҳолиси – атиги 57 минг кишини ташкил этади ва орол кўп жиҳатдан Копенҳагендан келадиган субсидияларга қарам бўлиб қолган. Вашингтоннинг йирик инвестициялари Гренландия аҳолиси учун жозибали бўлиб кўриниши мумкин. Масалан, Трамп оролнинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача пул тўламоқчилиги ҳақида хабарлар чиқди. Бу сумма истиқболда янада оширилиши ҳам мумкин.

The Economist АҚШ расмийлари Гренландия Микронезия ва Маршалл оролларига ўхшаш тарзда АҚШ билан эркин ассоциация шартномасини имзолаши бўйича режа устида ишлаётгани ҳақида ёзди. Бунда расман суверенитет сақлаб қолинади – бироқ Вашингтон оролга ўз ҳарбийларини жойлаштириши мумкин. Бунинг эвазига Гренландия АҚШ билан божсиз савдо қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Энг реал вариант – суверенитетни расман ўзгартирмасдан, инвестициялар, базалар ва стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш. Бу амалдаги статус-кво. Гренландия аста-секин мустақилликка интилади, АҚШ билан яқинлашади ва иқтисодий имтиёзлар олиш учун Америка ва Дания ўртасидаги зиддият асосида ўйин қилади. АҚШ, ўз навбатида, оролдаги ҳарбий иштирокини кенгайтиради ва фойдали қазилма конларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича шартномаларга эга бўлади. Ўз навбатида гренландияликларнинг аксарияти Даниядан узил-кесил мустақил бўлиш ғоясини қўллаб-қувватлашига қарамай, АҚШ таркибига қўшилишга мутлақо қарши.

Мавзуга оид