Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўп китоб ўқиган ходимга мукофот ва поезд чиптаси нархининг ошиши – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади
Президент фармонига кўра, барча вазирлик ва идораларда китобхонлик маданиятини кучайтиришга қаратилган қатор чоралар белгиланди.
Жумладан, 2026 йил 1 мартга қадар ҳар бир идорада тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий адабиётлар рўйхати шакллантирилади. Ҳар йили камида 3 тадан касбий хорижий адабиёт маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиниб, мутахассислар иштирокида изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелга қадар идора ва тизим ташкилотларида “Китоб бурчаги” ташкил этилади ҳамда ходимлар учун ҳар ой “Китоб ўқиш соати” жорий этилади, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими ишга туширилади. Танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.
Чиқинди хизмати қарздорлиги бўйича оммавий SMS-огоҳлантириш бошланди
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 15 январ ҳолатига кўра, республика бўйича чиқинди хизмати бўйича шаклланган 9,3 млрд сўм дебитор қарздорлик юзасидан 118646 та абонентга “Ҳудудий электр тармоқлари” 2100 қисқа рақамидан SMS огоҳлантириш юборилганини маълум қилди.
Огоҳлантиришдан сўнг, 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов ўрнатилади.
Маълумот учун: мазкур тартиб 2025 йил 1 июлдан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун амал қилади. Айни тизим эса 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ойма-ой қўллаб келинмоқда.
1 февралдан поезд чипталари нархи кўтарилади
«Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти 1 февралдан мамлакат ичида қатор йўловчи поездлари билети нархи оширилишини эълон қилди.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари чипта нархлари 15 фоизга кўтарилади.
Нархнинг оширилиши юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари ошгани, электр энергияси ва эксплуатация харажатларининг кўпайгани, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни давом эттириш зарурати, электропоездлар инфратузилмасини сақлаш ва доимий модернизация қилиш ишлари билан изоҳланмоқда.
Маҳкумларга масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилди
Жиноят-ижро кодексига озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Энди маҳкум ўз шахсий маблағи ҳисобидан тўланадиган, 15 дақиқа давом этадиган 1 марта масофали видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Илгари маҳкумнинг фақатгина 15 дақиқа давом этадиган 1 марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган эди.
Мавзуга оид
21:55 / 15.01.2026
Ўзбекистон учун 4 таҳдид ва дронларнинг жанговар шай операторлари – маҳаллий дайжест
22:03 / 14.01.2026
Трампга чора кўришни сўраган фуқаронинг жазоланиши ва болага ота исмини фамилия сифатида бериш имконияти – маҳаллий дайжест
21:50 / 13.01.2026
Ҳарбийлар учун янги имтиёзлар ва табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш топшириғи – маҳаллий дайжест
22:38 / 12.01.2026