Чиқинди қутиларини ўрнатиш бўйича талаблар Ўзбекистон президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сон фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарорига мувофиқ белгиланган. Унга кўра, ҳудуд турига қараб чиқинди қутиларини ўрнатиш масофалари ва масъул ташкилотлар аниқ кўрсатилган.
Агентлик маълумотига кўра, чиқинди қутиларини ўрнатиш тартиби қуйидагича:
- кўп квартирали уйларга — Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан ҳар бир подъездга кириш йўлида 1 тадан;
- ташкилот ва савдо объектларига — юридик шахслар, ташкилот ва идоралар мулкдорлари ёки ижарага олувчилари томонидан бинога кириш-чиқиш йўлларида 1–2 тадан;
- бозорлар ва йирик савдо мажмуаларига — бозор маъмурияти ёки савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар 250 м² майдон учун 1 тадан, савдо дўконлари қатори бўйлаб эса ҳар 10 метр масофада;
- тиббиёт муассасаларида — муассасани балансда сақловчи маъмурият томонидан ҳовли ҳудудининг ҳар 700 м² майдонида 1 тадан, асосий аллеяларда эса ҳар 10 метр масофада;
- метро ва ер ости/ер усти ўтиш жойларида — метрополитен давлат унитар корхонаси, туннелларда эса туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари томонидан ҳар бир кириш-чиқиш жойида 2 тадан;
- гавжум кўчалар ва умумий фойдаланиш ҳудудларида — туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари томонидан ҳар 50 метрдан, одам кам жойларда эса ҳар 100 метрдан ошмаган масофада;
- жамоат транспорти бекатларида — уларни балансда сақловчи ташкилотлар томонидан ҳар бир бекатда 1–2 тадан;
- йўлкалар, магистрал кўчалар пиёдалар йўлаги бўйлаб ва кўприкларда — ҳокимликлар ҳузуридаги туман-шаҳар бошқармалари томонидан серқатновлигидан келиб чиқиб, ҳар 50 ёки 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан;
- жамоат йўловчи транспорти ҳамда темирйўл бекати ҳудудларида — балансда сақловчилар ёки транспорт ташкилотлари томонидан ҳар бир бекатда 1–2 тадан;
- вақтинчалик савдо дўконлари ва кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда — хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 5 метр радиусгача масофада 1 тадан;
- чекиш учун ажратилган махсус жойларда — балансда сақловчи ташкилотлар томонидан 1–2 тадан;
- истироҳат боғлари, хиёбон ва аллеяларда — балансда сақловчи ташкилотлар томонидан бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада; майдон катта бўлса, ҳар 800 м² учун камида 1 та қути;
- тўхташ жойлари ва пляжларда — балансда сақловчи ташкилотлар томонидан автотураргоҳларга киришда 1–2 та; дам олиш ва пляж зоналарида эса сув бўйидан 15 метр, яшил экинлардан 3–5 метр узоқликда, яъни ҳар 800 м² га 1 тадан кўтариш механизмли ёки алмаштириладиган челакларга эга бўлган кўчма чиқинди қутилари ўрнатилиши шарт.
Шунингдек, агентликка кўра, чиқинди қутилари тўлишига қараб мунтазам равишда, аммо суткада камида бир марта бўшатилиб, тозаланиши лозим.








