Жаҳон | 22:38 / 20.01.2026
3447
3 дақиқада ўқилади

Исроил БМТ Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги қароргоҳини бузиб ташлади

Бузиш жараёни 2024 йил октябр ойида қабул қилинган ва БМТ агентлигининг Исроил ҳудудида ишлашини тақиқловчи қонунга мувофиқ амалга оширилди.

Фото: AP

Исроил расмийлари Шарқий Қуддусда БМТ Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги (UNRWA) қароргоҳи бинолари мажмуасини бузиб ташлади. Бузиш 2024 йил октябр ойида қабул қилинган ва БМТ агентлигининг Исроил ҳудудида ишлашини тақиқловчи қонунга мувофиқ амалга оширилди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги UNRWA ҲАМАС гуруҳи билан ҳамкорлик қилишини таъкидлаб, шундай баёнот берди:

«UNRWA-ҲАМАС ушбу объектдаги фаолиятини аллақачон тўхтатган ва у ерда БМТ ходимлари бўлмаган ва БМТ ҳеч қандай фаолияти олиб борилмаган. Ушбу мажмуа ҳеч қандай иммунитетга эга эмас ва Исроил расмийларининг уни эгаллаб олиши Исроил ва халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширилган».

UNRWA вакили Жонатан Фаулер Исроил кучлари мажмуа ҳудудига «бостириб кирганини» айтиб, содир бўлган воқеани «БМТ биноларига мисли кўрилмаган ҳужум» ва «халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ имтиёз ва иммунитетларини жиддий бузиш» деб атади. Бузилиш жойига миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнгчи сиёсатчи Итамар Бен-Гвир етиб келди ва бу «Қуддус суверенитети учун муҳим кун» эканини ва «террор тарафдорлари ҳамма жойдан қувилишини» айтди.

2025 йил октябр ойида БМТ Халқаро суди Исроилнинг UNRWA билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишини қоралаб, Ғазо секторида гуманитар ёрдамни тақсимлаш учун агентлик билан ҳамкорликни давом эттиришга чақириб, маслаҳат хулосаси чиқарди. Суд Исроилнинг UNRWA ходимларининг террорчилик ташкилотлари билан тизимли ҳамкорлиги ҳақидаги даъволарини асоссиз деб атади ва хавфсизлик нуқтаи назаридан босиб олинган ҳудудларда гуманитар фаолиятни тўлиқ тўхтатиб қўйишни оқлай олмаслигини таъкидлади.

2024 йил январ ойида Reuters Исроил разведкаси маълумотларига таяниб, Ғазо секторидаги 190 нафар UNRWA ходими Исроилга қарши ҳужумда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу даъволар БМТ ички текширувини бошлаш ва бир қатор давлатлар томонидан агентликни молиялаштиришни вақтинча тўхтатиш учун асос бўлди. Кейинчалик Исроил иттифоқчилари ва оммавий ахборот воситаларига торроқ маълумотни тақдим этди, унда 7 октябр куни ҳужумда камида 12 нафар UNRWA ходими бевосита иштирок этгани, 1200 га яқин одам (Ғазодаги ходимларнинг тахминан 10 фоизи) эса ҲАМАС ва бошқа фаластинлик қуролли гуруҳлар билан алоқада бўлгани айтилган.

БМТ томонидан ўтказилган текширув, ўз навбатида, 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирилган ҲАМАС ҳужумига фақат 9 нафар UNRWA ходими «эҳтимол» алоқадор деган хулосага келди ва террорчи гуруҳларнинг агентлик тузилмаларига мунтазам равишда кириб келгани ҳақидаги даъволарни тасдиқламади.

2024 йил охирида Исроил ҳукумати Шарқий Қуддусда алоҳида дастурлар давом этаётганига қарамай, ўз ҳудудида UNRWA фаолиятини расман тақиқлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид