Ўзбекистон | 22:04 / 23.01.2026
765
5 дақиқада ўқилади

Ҳастимомга борган президент, яна болалар озуқасидаги хавфли токсин ва аҳолини рўйхатга олишга оид эслатма – маҳаллий дайжест

Picot болалар сут аралашмаси хавфли токсин туфайли савдодан қайтариб олинади, «Бирга ҳаётни сақлаймиз» миллий донорлик акцияси ҳар ой ўтказилади, тижорат банклари «адолат ва мутаносиблик» тамойилларига амал қилишга чақирилди. Куннинг муҳим маҳаллий янгиликлари билан таништирамиз.

Президент Ҳастимом маҳалласидаги туристик объектларда бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 январ куни Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Ҳастимом маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.

Давлат раҳбари янгиланган кўча бўйлаб юрар экан, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, туристлар, ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Picot болалар сут аралашмаси хавфли токсин туфайли савдодан қайтариб олинади

Франциянинг сут ишлаб чиқариш гиганти Lactalis Франция ва бошқа ўндан ортиқ мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам болалар сут аралашмалари партиялари токсин билан ифлослангани ҳақидаги хавотирлар туфайли Picot маҳсулоти партияларни савдодан қайтариб олишини эълон қилди.

Lactalis компанияси «дорихоналар ва йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган Picot болалар сут аралашмасининг олтита партиясини таъминотчи томонидан етказиб берилган таркибий қисмида цереулид мавжудлиги сабабли ихтиёрий равишда қайтариб олмоқда», дейилади компания баёнотида, бу диарея ва қусишга олиб келиши мумкин бўлган токсинни назарда тутади. Компания вакили сўзларига кўра, қайтариб олиш жараёни ҳар бир мамлакатдаги маҳсулотнинг «бир нечта партияларига» тегишли.

Аҳолини рўйхатга олишда онлайн саволномани бир киши бутун оила учун тўлдириши мумкин

Агар онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида оила аъзолари киритилган бўлса, уларнинг барчаси аҳолини рўйхатга олиш жараёнида тўлиқ рўйхатдан ўтган ҳисобланади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасулов тушунтириш берди.

Таъкидланишича, ахборот тизими томонидан сертификат фақат битта – асосий респондент номи билан шакллантирилади. Шу сабабли оила аъзолари учун алоҳида сертификат автоматик тарзда берилмайди. Агар маълумотларда хато ёки ноаниқликлар аниқланса, жумладан, хонадон аъзоларидан бири ҳақидаги маълумот қолиб кетган тақдирда, 4–28 феврал кунлари маҳалла еттилиги вакиллари томонидан хонадонга бориб, қайта рўйхатга олиш амалга оширилиши мумкин.

«Бирга ҳаётни сақлаймиз» миллий донорлик акцияси ҳар ой ўтказилади

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қатор ташкилий чоралар йўлга қўйилади.

Хусусан, ҳар ой «Бирга ҳаётни сақлаймиз» миллий донорлик акцияси ўтказилади. Акция доирасида ҳар ойнинг 1-ҳафтаси мобайнида қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг 3-ҳафтаси мобайнида таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида йилда бир маротаба донорлик кунлари ўтказиш белгиланган.

Марказий банк тижорат банкларини «адолат ва мутаносиблик» тамойилларига амал қилишга чақирди

Марказий банк 2026 йил 20 январ куни тижорат банкларига юборган хатда кредит (микроқарз) бўйича тўлов мажбуриятлари бажарилмаган ҳолатларда қўлланаётган айрим чоралар «адолат ва мутаносиблик» тамойилларига зид бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Таҳлиллар натижасида айрим банкларда қуйидаги ҳолатлар аниқлангани айтилган:

- кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланадиган фоиз ставкалари шартномада белгиланган йиллик ставкадан бир неча баробар оширилиб, айрим ҳолларда йиллик 150–180 фоизгача чиққани;

- фоиз тўлови кечиктирилганда энг юқори чегараси белгиланмаган кунлик пеня ҳисобланаётгани;

- кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар қўлланаётгани.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид