Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия кечаси Киев ва Харкивдаги энергия объектларига яна зарба берди
Украина пойтахтида РФнинг навбатдаги оммавий ҳужумидан кейин иссиқлик ва сув таъминоти билан муаммолар яна юзага келди: шаҳар тикланишга улгурмай, янги зарбаларга дуч келмоқда.
Фото: AP
Россия қўшинлари 24 январ, шанбага ўтар кечаси Украинани яна ракета ва дронлар билан оммавий равишда нишонга олди. Украина ҳукуматлари ва қутқарув хизматлари хабарларига кўра, асосий зарба Киевга қаратилган бўлиб, РФ яна муҳим инфратузилма объектларини нишонга олган.
Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличко Днипро дарёси чап соҳилида иссиқлик ва сув таъминотида узилишлар борлигини маълум қилди. Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, шаҳарнинг камида беш туманида — Деснян, Днипро, Дарницкий, Голосеев ва Соломен туманларида дрон парчалари тушиши оқибатида турли ҳодисалар рўй берган. Айрим жойларда ёнғин чиққан, аммо катта вайронагарчилик қайд этилмаган.
Камида бир киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши яралангани ҳақида хабар берилмоқда. Эрталабгача шаҳарда ҳаво ҳужуми хавфи режими сақланиб қолган.
Харкив шаҳар ҳокими Игор Тереховнинг билдиришича, шаҳар қарийб икки ярим соат давомида дронлар ҳужумига учраган. Харкив томон камида 25 та дрон учирилган, аммо барчаси уриб туширилганми-йўқми — бу ҳақда у аниқ айтмаган.
Зарба берилган объектлар орасида бир нечта туманлардаги кўп қаватли уйлар, хусусий сектордаги бинолар, маҳаллий шифохона ва туғруқхона бор. Терехов, шунингдек, ички кўчирилганлар яшайдиган ётоқхонага дрон урилганини алоҳида таъкидлади.
“Яраланганлар бор. Бугун тунда уйидан айрилганлар бор”, — деди у.
Фақат январ ойининг ўзида Россия Украинага камида уч марта оммавий ҳужум уюштирган бўлиб, натижада мамлакат бўйлаб шаҳарларда иссиқлик, электр ва сув таъминотида жиддий муаммолар келиб чиққан.
9 январ кунги биринчи йирик ҳужумдан кейин фақат Киевнинг ўзида 6000 дан ортиқ кўп қаватли уй — яъни уй-жойларнинг ярмидан зиёди иссиқликсиз қолган. Бу ҳолат фонида шаҳар ҳокими Кличко фуқароларни “муқобил иссиқлик ва электр манбалари бор жойларга, шаҳар ташқарисига чиқиб туришга” чақирган эди.
20 январга ўтар кечаси РФ яна Киевдаги энергетика объектларига зарба берди. Кличконинг айтишича, 9 январдаги ҳужумдан кейин барча уйларга ҳам иссиқлик етказиб бериш тикланмаган. Янги ҳужум оқибати ҳам деярли шунга тенг бўлди — 5635 та кўп қаватли уй иссиқликсиз қолди. Вазиятни янада оғирлаштираётган омил — об-ҳаво: январ ойи давомида Киевда кучли совуқлар кузатилиб, ҳарорат −17°С гача тушган.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина энергетика объектларига зарба бераётганини тан олади, аммо бундай ҳужумлар мақсади “мамлакатнинг ҳарбий-саноат мажмуаси фаолиятини издан чиқариш” эканини таъкидлайди. Кремл ҳам тўлиқ уруш давомида қиш ойларида Украина энергетикаси нишонга олинаётганини яширмаган: президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, тинч аҳоли иссиқликсиз қолиши — Киевнинг гўёки “музокаралар олиб боришни истамаслиги оқибати”.
https://www.dw.com/ru/rossia-nocu-vnov-atakovala-energoobekty-v-kieve-i-harkove/a-75635335
Мавзуга оид
12:52
Россия танкери Ўрта Ер денгизида бошқарувни йўқотди
09:42
Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди якунланди
09:12
Германия Шойгу баёнотига таяниб, Россиядан бўлган дезертирга бошпана бермади
16:55 / 23.01.2026