Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Геосиёсий беқарорлик, Трамп ва доллар. Олтин билан нималар бўляпти?
Халқаро тартибот шу даражада заифлашдики бир давлатнинг бошқа бир мустақил мамлакат ҳудудий яхлитлигига қилаётган тажаввузларига на ҳайрат бор, на хавотир. Йиллар давомида шаклланган қоидалар ўрнини хаос эгаллади. Энди ҳамма нарса мумкиндек. Келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашган бир шароитда олтин нархи 5600 долларга яқинлашди. Айни пайтда нархлар сезиларли барқарорлашди, аммо қимматбаҳо металл январ ойини кескин ўсиш билан якунлашга яқин турибди. Хўш, олтин баҳоси нималарнинг ҳисобига ошиб кетти?
Олтин минг йиллардан буён бойлик, иқтисодий қудрат рамзи бўлиб келади. Тилла илинжида одамлар дунёнинг энг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларини ҳам забт этган, қанчадан қанча қонли урушлар юз берган. Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳам ушбу қимматбаҳо металл жаҳон молиявий тизимида ўзининг кучли таъсирини сақлаб қоляпти. Хусусан, сўнгги йилларда олтин баҳоси каррасига қимматлашди. 2026 йилнинг бошига келиб эса нархлар ошиши янада тезлашди. Хўш, бунга қайси омиллар таъсир қиляпти?
Геосиёсий беқарорлик. Геосиёсий вазиятнинг ёмонлашиши ёки иқтисодий беқарорлик, масалан, урушлар, сиёсий ёки молиявий инқирозлар олтин нархини оширади. Олтин кўпинча "хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида кўрилади, шунинг учун беқарор даврларда унга талаб ортади. Украинадаги уруш қарийб 4 йилдан бери давом этяпти ва ҳалигача ечим топилмаётгани инвесторлар онгида хавотирларни кучайтириб, уларни рискли активлардан чекинишга ундайди. Яқин Шарқдаги вазият ҳам 2023 йил охирида ниҳоятда кескинлашди. Хусусан, Исроил ва Фаластин ўртасидаги қуролли можаро ҳамда Эронда кузатилган нотинчликлар минтақавий тангликка сабаб бўляпти. 2026 йил бошларида эса АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик янада жиддийлашди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга куч ишлатиш билан очиқча таҳдид қиляпти. Ушбу баёнотлар фонида тилла баҳоси ҳар унция учун 5500 долларлик нуқтани ҳам забт этди. Содда қилиб айтганда, келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашса, инвесторлар учун олтин асосий активга айланади ва унга пул тикиш кўпаяди.
Доллар курси ва ФЗТ сиёсати. Олтин нархи ўсишнинг яна бир асосий драйвери Америка валютасининг кескин заифлашуви бўлди. Доллар индекси сўнгги тўрт йиллик энг минимум даражага тушди. Бозорлар Трампнинг риторикасига муносабат билдиришяпти. У Америка экспортини қўллаб-қувватлаш учун кучсиз долларга тоқат қилиш кераклигига очиқча ишоралар қилганди. Бу инвесторларнинг АҚШ валютасига жамғарма воситаси сифатида бўлган ишончини пасайтирди.
Шунингдек, АҚШ Марказий банки – Федерал захира тизими олиб борадиган сиёсат ҳам нархларга сезиларли даражада таъсир кўрсатади. 2022–2023 йилларда ФЗТ юқори инфляцияни жиловлаш мақсадида фоиз ставкаларини оширганди. Бироқ 2024 йил ва ундан кейинги даврда АҚШ иқтисодиётида ўсишнинг секинлашуви ва молиявий бозорлар беқарорлиги кузатилиб, бу йўналиш ўзгара бошлади. Масалан, январ ойида бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставка ўзгаришсиз сақлаб қолинди ва уни келгусида пасайтириш эҳтимоли муҳокама қилинди. Бунда инвесторлар кам даромад келтирадиган қимматли қоғозларни харид қилишдан кўра, хавфсиз ва инфляция таъсиридан ҳимояланган олтин харид қилишга кўпроқ урғу бера бошлайди.
Шунингдек, АҚШ сиёсий саҳнасидаги ҳодисалар ҳам ФЗТ сиёсатига таъсир кўрсатиб, олтин нархини билвосита қўллаб-қувватлади. Масалан, Трамп ўзининг иккинчи президентлик даврида ФЗТ раиси Жером Пауэллга босим ўтказиб, фоиз ставкаларини тезроқ пасайтиришни талаб қилди. Ҳатто Трамп маъмурияти Пауэллга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаб, Марказий банк мустақиллигига рахна солувчи баёнотлари билан бозорларни ларзага келтирди.
Талабнинг ошиши. Йирик Марказий банклар томонидан олтин захираларини ошириш ёки камайтириш бўйича қарорлар ҳам нархга таъсир қилади. Регуляторлар учун олтиннинг асосий ролларидан бири ўз захирасини диверсификация қилишдир. Жуда кўп ҳолатларда олтин АҚШ доллари билан тескари муносабатда бўлади. Яъни доллар қиймати пасайганда, олтин одатда кўтарилади, бу марказий банкларга бозор ўзгарувчанлиги даврида ўз захираларини ҳимоя қилиш имконини беради. Охирги пайтларда халқаро геосиёсий жараёнлардаги кескинлик ошиши ва жаҳон иқтисодиётидаги рецессия хавфи олтин харид қилиш ҳажми ошишига таъсир ўтказяпти. Агар асосий активлардан бири заифлашса, бошқаси кучли бўлиб қолиши керак. Захираларини олтин билан диверсификация қилиш орқали марказий банклар нотинч вақтларда ўз мамлакатларининг иқтисодий институтларини қўллаб-қувватлашга яхшироқ тайёр бўлишади.
Олтин нархининг Ўзбекистонга таъсири
Бир неча кун олдин Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳақидаги маълумотларни янгилади. 1 январ ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро активлари 66,3 млрд долларгача ошди. Бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг 55 млрд доллари ёки 83 фоиз қисми айнан олтин ҳиссасига тўғри келган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатида халқаро активлар 41,2 млрд доллар, унинг таркибида олтиннинг улуши 32 млрд доллар бўлган. Яъни нархларнинг қимматлашиши ҳисобига Ўзбекистоннинг олтин активлари 1 йил ичида 72 фоизга ёки 23 млрд долларга кўпайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи мамлакатлардан биридир. Хусусан, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2023 йилда эса 8,2 млрд долларлик, 2024 йилда 7,5 млрд долларлик олтин сотилган. 2025 йилда бу 9,9 млрд долларгача ошди.
Агар йил давомида олтиннинг ўртача нархи унцияси учун 5500 долларни ташкил этган тақдирда Ўзбекистон 2026 йилда 20,8 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспортини амалга ошириши мумкин. Шу жиҳатдан нархларнинг қимматлашиши бевосита мамлакат бюджет даромадлари ва валюта курсининг барқарорлашишига катта таъсир ўтказади.
Мавзуга оид
20:07 / 30.01.2026
Буюк Британия ва Хитой ўзаро муносабатларда «қайта тикланиш» даврини бошлади. Бу Трампга ёқмаяпти
16:08 / 30.01.2026
Трамп Путин кучли совуқ туфайли Киевга зарбаларни тўхтатиб туришини айтди
12:11 / 30.01.2026
Эрон тинчигандек кўринганди, аммо Трамп ҳамон зарба бериш ҳақида ўйламоқда
08:46 / 30.01.2026