«Америкаликлар шуни билиши лозим: агар улар уруш бошласа, бу сафаргиси минтақавий уруш бўлади», – дея Хоминаийдан иқтибос келтирган Tasnim давлат агентлиги.

АҚШ президенти Доналд Трамп ядровий дастури ҳамда намойишлар шафқатсизларча бостирилгани туфайли бир неча бор Эронга ҳарбий аралашув билан таҳдид қилган. Шанба куни кечқурун у ўз самолётида Флоридага қайтаётганида журналистларнинг Эрон масаласида нима қилмоқчи экани ҳақидаги саволига жавобан, ҳозир ҳеч нарсани ошкор эта олмаслигини айтган, аммо Теҳрон Вашингтон билан «жиддий музокара олиб бораётгани»ни қўшимча қилиб, томонлар «икки томонни қаноатлантирувчи келишувга эришиши»га умид билдирганди. Шу билан бирга, Трамп АҚШ минтақада «жуда катта ва қудратли кемаларини жойлаштириб қўйгани»ни қайд этган.

АҚШ минтақага USS Abraham Lincoln авиаташувчисини юборган, ўтган ҳафта охирида эса АҚШ Марказий қўмондонлиги у Араб денгизида ҳаракатланаётганини хабар қилди.

«[Трамп] мунтазам равишда у кемалар олиб келаётганини айтмоқда… Эрон халқи бундай нарсалардан қўрқмайди. Биз ташаббускор эмасмиз ва бирор-бир мамлакатга ҳужум қилишни истамаймиз, бироқ Эрон халқи унга ҳужум қилган ва тазйиқ ўтказган ҳар қандай томонга кучли зарба беради», – деди Хоминаий якшанба кунги чиқишида.

Бу вақтда Эрон ҳарбийлари Ҳўрмуз бўғозида икки ҳафталик ҳарбий-денгиз машғулотларини бошлади – бу дунёдаги энг муҳим сув йўлларидан бири ва энергия таъминоти учун асосий йўналишдир.

Эрон ва Ўмон ўртасидаги энг тор жой (кенглиги тахминан 33 км) бўлган бу сув йўли орқали бутун жаҳон нефт савдосининг бешдан бир қисми ўтади. Илгари Эрон бир неча марта агар ҳужум учраса, бўғозни ёпиши билан таҳдид қилганди.

АҚШ Эронни минтақадаги Америка кучлари яқинида «хавфли ва нопрофессионал хатти-ҳаракатлар»га йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи эса бунга жавобан шундай деди: «Америка ҳарбийлари ҳозир бизнинг қудратли қуролли кучларимиз ўз ҳудудида қандай машғулот ўтказиши кераклигини белгилаб беришга ҳаракат қилмоқда».

Шанба куни Эронда бир вақтнинг ўзида иккита портлаш содир бўлди. Улардан бири жанубдаги Бандар-Аббос порт шаҳрида рўй бериб, бир киши ҳалок бўлган ва 14 киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳодиса газ сизиб чиқиши оқибатида рўй берган. Tasnim агентлиги эса портлаш нишони Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этиб чиқди.

Мамлакат жануби-ғарбидаги Ахваз шаҳрида рўй берган иккинчи портлаш оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган. Маҳаллий расмийлар бу ҳолатни ҳам газ сизиб чиқиши билан боғлаган.