Жаҳон | 17:07
6585
3 дақиқада ўқилади

Нурлан Сабуров Россия киритилмади. Унга 50 йиллик тақиқ қўйилган

2022 йилда Россиянинг Украинага босқинини қораламагани учун АҚШда ушбу қозоғистонлик комикнинг концертлари бекор қилинганди. 2025 йил охирига келиб эса унинг Россия шаҳарларидаги концертларини ҳам бекор қилишди.

Комик Нурлан Сабуровга Россияга кириш 50 йил муддатга тақиқланган. Бу ҳақда Baza, SHOT ва Mash телеграм-каналлари, шунингдек, РИА Новости агентлиги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага асосланиб хабар берди.

Қозоғистон фуқароси бўлган Сабуровга тақиқ «мамлакат миллий хавфсизлиги, қонунчиликка риоя қилиш ва анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш манфаатларини кўзлаган ҳолда киритилган», деган РИА Новости суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, тақиқ 30 январдан амал қилади.

Телеграм-каналларда ёзилишича, Сабуров 6 февралга ўтар кечаси реклама съёмкаси учун БААдан Москвадаги Внуково аэропортига учиб келган. «Паспорт назоратидан ўтиш вақтида Сабуровни алоҳида хонага олиб киришган ва у ерда Россияга кириши тақиқлангани ҳақидаги ҳужжатни беришган», дея ёзади SHOT.

Хабарларга кўра, қўлга олиш чоғида 34 ёшли комик гўёки «рус тилини билмаслиги»ни айтиб, таржимон талаб қилган, шунингдек, ортга қайтиб кетиш чиптасини олиш учун пули йўқлигини айтган.

Уни Дубайга қўлига кишан таққан ҳолда депортация қилишмоқчи эканидан хабар топгач, унда Қозоғистонга учиш учун чипта олишга пул топилган. Шундан кейин у кутиш залида тўшак солиб, ётиб олган.

Сабуров 2025 йил майида ҳам миграция қонунчилигини бузгани учун Шереметево аэропортида қўлга олинганди – ўшанда унинг мамлакатда бўлиш муддати ўтиб кетгани маълум бўлганди. Унга 5000 рубл миқдорида жарима солиниб, Россияни ихтиёрий равишда тарк этиш учун икки ҳафта вақт берилганди.

Нурлан Сабуров – Россиядаги энг машҳур стендапчи комиклардан бири ҳамда «Что было дальше?» ютюб-шоуси бошловчиси ҳисобланади. 2022 йил баҳорида Россиянинг Украинага босқинини қораламагани учун АҚШ ва Исроилда унинг концертлари бекор қилинганди.

2025 йил охирига келиб Россияда ҳам унинг концертларини бекор қила бошлашди. 

ТАСС агентлигининг ёзишича, Сабуровга нисбатан эътироз унинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни танқид қилиши, шунингдек, «миграция ва солиқ қонунчилигини бузиши» билан боғлиқ эмас. Давлат органларидаги манбалар таъкидлашича, ушбу қизиқчи Россияда гўёки 160 миллион рублдан ортиқ мулкка эгалик қилади ва ишлаб топилган пулларни воситачилар орқали қонунийлаштиришга ҳаракат қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид