Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рамазонда нархлар назорати, сартарошхоналарда рейд ва таланаётган пенсионерлар – маҳаллий дайжест
Рақобат қўмитаси Рамазон ойида йирик савдо тармоқларидаги нархларни назорат қилади. Пенсионерлар фирибгарлар нишонига тобора кўпроқ айланмоқда. Нотариуслар эскроу ҳисобварағидаги маблағни онлайн текширади. Тошкентда 7 мингга яқин шахсий маълумотни ўғирлаган йигит ушланди. Санэпидқўмита сартарошхоналарда рейдлар бошлади. Куннинг муҳим янгиликлари билан кун тафсилотида таништирамиз.
Рақобат қўмитаси Рамазон ойида нархларни назорат қилади
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси йирик савдо тармоқлари ва дўконларни Рамазон ойида нархлар барқарорлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди. Қайд этилишича, ушбу чоралар президентнинг Рамазон кунларида ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича берган топшириғи ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Қўмита томонидан савдо тармоқлари ва етказиб берувчи корхоналарга Рамазон ойида талаб кескин ошадиган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туриш мажбурияти юклатилди.
Қўмита бозордаги вазиятни назорат қилиш ва нархлар кескин кўтарилишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришини қўшимча қилди.
Пенсионерлар фирибгарлар нишонига айланмоқда
Ўзбекистонда фирибгарлар нотаниш рақамлардан пенсионерларга қўнғироқ қилиш ҳолати кузатилмоқда.
Пенсия жамғармасига кўра, пенсия ёшидаги фуқароларга нотаниш рақамлар орқали қўнғироқ қилиниб, уларнинг банк пластик картаси ёки паспорт маълумотларини сўраш ҳолатлари учрамоқда. Фирибгарлар ўзини банк ёки Пенсия жамғармаси ходими сифатида таништиряпти. Улар «Пенсиянгиз кейинги ойдан оширилади. Бунинг учун маълумотларингизни ва телефонингизга келган кодни айтсангиз, пенсиянгиз картангизга тушади, бўлмаса ошмай қолади», деган маънода ёлғон хабар орқали пенсионерларнинг ишончига киришга уринмоқда.
Жамғарма пенсионерлардан шахсий маълумотларни бегоналарга тақдим этмасликни сўрамоқда.
Нотариуслар эскроу ҳисобварағидаги маблағни онлайн текширади
Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, нотариуслар эскроу ҳисобварағида маблағ мавжудлигини реал вақт режимида текшириш имкониятига эга бўлади.
Низом лойиҳасига кўра, харидор банкка мурожаат қилиб, эскроу ҳисобварағи очади ва пул маблағларини унга киритади. Шартномани тасдиқлашдан олдин нотариус эскроу ҳисобварақдаги маблағни онлайн текширади. Шартнома тасдиқланганидан сўнг нотариус бу ҳақда банкка электрон маълумот юборади. Банк эса эскроу ҳисобварақдаги пул маблағларини автоматик тарзда сотувчининг ҳисобварағига ўтказади.
Тошкентда 7 мингга яқин шахсий маълумотни ўғирлаган йигит ушланди
Тошкентда ахборот тизимидан фойдаланиб, фуқароларнинг пулларини фирибгарлик билан ўзлаштирган шахс ушланди. 31 ёшли эркак «Лактовита» номли тиббий дори воситасини сотувчи корхона орқали рўйхатдан ўтиб, буюртма берган 6871 нафар кишининг шахсга доир маълумотларини юклаб олган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «г» бандига (ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) асосан иш қўзғатилган.
Тошкентдаги айрим сартарошхоналарда санитария қоидаларига амал қилинмаётгани аниқланди
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари Яшнобод туманидаги сартарошхоналарда рейд ўтказди. Тадбир давомида айрим сартарошлар санитария қоидаларига амал қилмаётгани аниқланган.
Жумладан, стол усти, устара, қайчи ва бошқа жиҳозларни тозалаш, зарарсизлантириш ишлари амалга оширилмаган, устара «лезвияси» янгиланмаган. Қайд қилинишича, бу жуда хавфли вирусли инфекция тарқалишига шароит яратади.
Қўмита ходимлари сартарошларни эътиборсизлик сабаб одамлар саломатлиги хавф остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
21:45 / 13.02.2026
Судьялар мол-мулки декларацияси таклифи ва Андижонда қотил ёллашга уриниш – маҳаллий дайжест
21:55 / 12.02.2026
Ҳомийсиз қолган футбол клублари ва «Call-марказ» ниқобидаги фирибгарлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 11.02.2026
«Квартплата»дан қарздорларга чеклов ва 2026 йилги тест имтиҳонлари фанлари – маҳаллий дайжест
21:37 / 09.02.2026