Ўзбекистон | 19:24
638
4 дақиқада ўқилади

Меҳнат низоларини кўриб чиқишда янги тартиб ва Зарафшон дарёсидаги фожиа — маҳаллий дайжест

1 августдан меҳнат низолари бўйича ихтисослашган судялар иш бошлайди. Болага зўравонлик қилган тарбиячига боғчада ишлаш 1 йилга тақиқланиши мумкин. Зўравонликдан жабрланганларга бошпана муддати 30 кундан 6 ойгача узайтирилади. Зарафшон дарёсида 3 нафар йигит чўкиб кетди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

1 августдан меҳнат низолари бўйича ихтисослашган судялар иш бошлайди

2026 йил 1 августдан бошлаб меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар фаолияти йўлга қўйилади. Янги тартиб меҳнатга оид ишларни тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, суд амалиётини бирхиллаштиришга қаратилган.

Янги тартибга кўра, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низолари бўйича 4 нафар судя фаолият кўрсатади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида 3 нафардан ихтисослашган судя ишлайди. Қарорга асосан, 2026 йил 1 августдан кейин судларга келиб тушган меҳнат низоларига оид барча аризалар айнан ихтисослашган судялар ўртасида тақсимланади.

Болага зўравонлик қилган тарбиячига боғчада ишлаш 1 йилга тақиқланиши мумкин

Сенатнинг навбатдаги мажлисида айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш маъқулланди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда таълим ташкилотида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга нисбатан бир йил муддат давомида мактабгача таълим ташкилотида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Зўравонликдан жабрланганларга бошпана муддати 30 кундан 6 ойгача узайтирилади

Сенатнинг ялпи мажлисида маъқулланган қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ қилиб белгиланмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга 6 ойгача (олдин 30 кунгача) муддатга жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун қатор енгилликлар жорий этилмоқда. Жумладан, улар йўқотилган биометрик паспорт ўрнига янги паспорт олиш, никоҳ тузилганлиги ёки туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштиришда давлат божини тўлашдан озод этилмоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Зарафшон дарёсида 3 нафар йигит чўкиб кетди

Навоий вилоятида 3 нафар йигит Зарафшон дарёсига чўкиб ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, Кармана тумани Катта мачит маҳалласида яшовчи 4 йигит 8 июл куни туш пайти Зарафшон дарёсига чўмилишга борган. Улардан 3 нафари чўкиб кетган. ФВБ қутқарувчилари уларнинг жасадини ҳодиса жойидан турли узоқликда топган.

Ҳалок бўлганлар 2008 йилда туғилган Ж.С., 2012 йилда туғилган Ж.С. ҳамда 2010 йилда туғилган О.Т., уларнинг иккиси ака-ука экани айтилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид