Ўзбекистон | 15:00
794
6 дақиқада ўқилади

EAS сунъий интеллектга асосланган антидрон ечимларини тақдим этди ва глобал бозорга чиқишини эълон қилди

Компания дрон таҳдидларини аниқлашга мўлжалланган янгиланган EAS DOME тизими ишлашини жамоатчиликка кўрсатди ва халқаро бозорга чиқиш режаларини очиқлади. Таъкидланишича, янгиланган EAS DOME экотизими сенсор маълумотларини автоматик таҳлил қилиб, таҳдидни тез аниқлаш имконини беради.

16 февраль куни Тошкентда маҳаллий антидрон тизимлари ишлаб чиқарувчи – Electronic Autonomous Solutions (EAS) томонидан ёпиқ технологик форум ўтказилди. “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда 250 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, вазирликлар, дипломатик корпус вакиллари ва давлат корпорацияларининг топ-менежменти раҳбарлари қатнашди. Форумнинг асосий натижаси 2024–2025 йиллардаги реал таҳдидларни таҳлил қилиш асосида яратилган янгиланган ҳимоя экотизимининг тақдимоти бўлди.

Ўзбекистон бозори учун EAS лойиҳаси юқори технологиялар соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳаллий ечим сифатида кўрилмоқда. 2022 йилда ташкил этилган компания қисқа вақт ичида илк прототиплардан портатив, стационар ва мобил антидрон тизимларини серияли ишлаб чиқариш босқичигача етиб келди.

Инсон капитали ва мутахассислар қайтиши

EAS бизнес моделининг асоси – ўз илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик (лойиҳа) ишларига эътибор қаратишдир.

 Бугунги кунда компания штатидa 70 га яқин мутахассис фаолият олиб бормоқда, уларнинг аксарияти техник ходимлар ҳисобланади. Раҳбарият халқаро тажрибага эга кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

“Бугунги кунда жамоамизда АҚШдан Ўзбекистонга қайтган мутахассислар ишламоқда. Хорижий технологик компанияларда фаолият юритаётган юртдошларимизни олиб келиб, уларга мамлакатимизда шароит яратиб беришни мақсад қилганмиз. Бу глобал ривожланиш стандартларини маҳаллий маҳсулотга интеграция қилиш имконини беради”, – дейди EAS бош директори Азизбек Убайдуллаев.

Қарор қабул қилишда автоматлаштириш ва СИ

Янги EAS DOME тизимининг технологик ядроси илгари катта инсон ресурсларини талаб қилган жараёнларни автоматлаштиришга асосланган.

EAS DOME ечими сенсорлардан келадиган маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектни жорий этишни назарда тутади. Тизим тўрт босқичли алгоритмдан фойдаланади: радиочастотали сканерлаш, радар билан тасдиқлаш, визуал кузатиб бориш ва сунъий интеллект ёрдамида нишонни таснифлаш. Фақат объект тўлиқ идентификацияланганидан сўнг, тизим нейтраллаш сценарийларини таклиф қилади: радиоэлектрон бостиришдан тортиб, автоматик координаталар бўйича ишлайдиган тутиб олувчи FPV дронлардан фойдаланишгача.

EAS техник директори Беҳзод Сулаймонов нима учун сунъий интеллектни жорий этиш хавфсизлик саноати учун жуда муҳим эканлигини тушунтирди.

“Бугунги кунда турли сенсорлардан келаётган маълумотлар шунчалик кўпки, уларни тезкор қайта ишлаш учун инсон ресурслари етарли эмас. Биз қарор қабул қилишни осонлаштириш учун бошқарув ва назорат тизимига сунъий интеллектни жорий қилдик. Вазифамиз ахборот оқимини таҳлил қиладиган ва масъуллар учун тайёр жавоб сценарийларини тайёрлайдиган тизимни яратишдан иборат”, – дейди Беҳзод Сулаймонов.

C2 ва C4 стандартлари: ҳаво бўшлиғини тўлиқ назорат қилиш архитектураси

Тақдимотда C2 ва C4 стандартларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу тизимлар барча ҳимоя воситаларини ягона рақамли тармоққа бирлаштириб, юқори технологияли датчиклар тўпламини осмонни бошқаришнинг қудратли интеллектуал экотизимига айлантирган ҳолда ҳаво ҳудудини тўлиқ назорат қилиш имконини беради.

Агар C2 (command and control) протоколлари ягона тезкор вазиятни шакллантириб, ҳимоя ресурслари ўртасида вазифаларни тақсимлашни автоматлаштирса, C4 (command, control, communications and computers) архитектураси маълумотларни ўта қисқа вақт ичида алмашиш ва улкан ҳисоблаш қувватлари учун пойдевор яратади. Бундай ёндашув штаб, мобил гуруҳлар ва автоном модуллар фаолиятини реал вақт режимида синхронлаштириш орқали ҳаво ҳудудини тўлиқ назорат қилиш имконини беради.

C4 – жараённинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади. Кейинги босқич эса сунъий интеллектга асосланган қарор қабул қилишни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этишдан иборат. Компания оддий мониторингдан бошқарувнинг интеллектуал, прогнозловчи ва тавсиявий моделига ўтмоқда. Бугун EAS C4 архитектурасини яратаётган бўлса, эртага сунъий интеллектга таянадиган тўлиқ рақамли хавфсизлик экотизимини шакллантиради.

Бизнес стратегияси ва глобал мақсадлар

Форум давомида компания 2026 йилда халқаро бозорга чиқиш бўйича стратегик мақсадини расман эълон қилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчининг асосий устунлиги мослашувчан тизим архитектурасида: улар мижознинг мавжуд хавфсизлик инфратузилмасига осон уланади ҳамда экстремал иқлим шароитларига мослашган бўлиб, тўлиқ мустақил қувват манбаи ҳисобланади ва ҳимояланган корпусга эга.

Форум мутахассислари экспорт фаолиятига ўтишни минтақанинг технологик етуклигини тасдиқлашнинг мантиқий босқичи сифатида баҳоламоқда. Учувчисиз учиш аппаратларини аниқлаш ва зарарсизлантириш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича ўз мактабига эга бўлиш Ўзбекистонга хорижий етказиб берувчиларга қарам бўлмаслик ва ҳаво маконида хавфсизлик стандартларини мустақил равишда шакллантириш имконини беради. Бугунги кунда бу иқтисодиётнинг узоқ муддатли барқарорлиги ва технологик мустақиллигини таъминлашнинг зарурий шартига айланмоқда.

Сайт: eascompany.uz

Instagram: @eascompany.uz