Жамият | 20:49
1738
5 дақиқада ўқилади

Орамиздаги “Эпштейнлар” ёхуд болалар порнографияси ортидаги қорабозор

Ўзбекистонда ёпиқ Telegram-каналлар орқали болалар иштирокидаги порнографик материаллар тарқатилгани аниқланди. Қўлга олинганлардан бири 3750 та, яна бири 925 та, бошқаси 403 та шундай материалларни тарқатган. Хўш, бундай “контент” харидорлари кимлар?

Фото: Internet Watch Foundation

Жиноятчилар ҳам “ҳазар қиладиган” жиноят

Ўзбекистонда ёпиқ Telegram-каналлар орқали болалар иштирокидаги порнографик материаллар тарқатилгани аниқланди. Гумонланувчилардан бири 925 та, яна бири 403 та, яна бошқаси 3750 та шундай материалларни тарқатган. Улардан бири шунинг ортидан қарийб 30 млн сўм ноқонуний даромад қилган. Бу рақамлар ортида оғир савол турибди: нега бундай материалларга талаб бор ва улар кимлар?

Келинг, оғир бўлса-да бу масала ҳақида бироз ўрганамиз. Халқаро амалиётда “болалар порнографияси” атамаси ўрнига кўпроқ “Child Sexual Abuse Material” (CSAM), яъни болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари атамаси ишлатилади. Чунки бу ерда гап ёпиқ каналларда сотилаётган “контент” ҳақида эмас, балки болаларга қарши содир этилаётган жиноят ҳақида кетмоқда.

Кимлар асосий талабгорлар?

Интерпол ва ECPAT International халқаро ташкилоти томонидан 2018 йилда эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, болаларнинг жинсий эксплуатацияси акс этган видеоларни тарқатиш – интернетда энг тез ўсиб бораётган жиноят турларидан бири. Асосий истеъмолчиларнинг катта қисми – катта ёшли эркаклар бўлиб, кўп ҳолатда улар аввал судланмаган, ижтимоий ҳаётдаги “оддий” одамлар бўлгани учун биз уларни ажрата олмаймиз. Уларнинг талаби даркнет ва мессенжерлардаги ёпиқ каналлар орқали шаклланади.

Тадқиқотда таҳлил қилинган материалларнинг 84 фоизида балоғатга етмаган шахсларнинг очиқ жинсий ҳаракатлари акс этган. Бу жиноятчиларнинг қарийб 93 фоизи эркаклар экани қайд этилган. Бу фотосурат ёки видеолар болаларнинг ишонч доирасига кирувчи шахслар томонидан тарқатилган. Жабрланувчилар орасида қизларнинг улуши каттароқ, аммо ўғил болалар улуши ҳам анчагина.

“Бир қанча сабабларга кўра маълумотлар базасида жабрланувчилар сонини аниқлаш қийинлигича қолмоқда. Кенгроқ айтганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳибсга олинган жиноятчилар сони ёки онлайн тарзда аниқланган материаллар умумий жиноят ҳажмининг жуда кичик қисмини ташкил қилади. Кўпгина жиноятчилар очилмай қолади ва ҳозирда биз билганимиздан кўра кўпроқ аниқланмаган жабрланувчилар борлиги эътироф этилади. Бу жабрланувчиларнинг аксарияти ҳеч қачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмайди”, дейилади ҳисоботда.

Европа полицияси (Европол) томонидан 2023 йилда эълон қилинган “Интернетдаги уюшган жиноятчилик таҳдидларини баҳолаш” номли ҳисоботда ҳам болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларини онлайн тарқатиш кибержиноят муҳитидаги энг барқарор ва ўсиб бораётган таҳдидлардан бири экани таъкидланган. Унда талабгорлар орасида оддий фойдаланувчилар, оилали эркаклар, ишбилармонлар ҳам бўлиши мумкинлиги айтилган.

Интернет анонимлиги жазосизлик ҳиссини кучайтиради ва бу жиноятчи, талабгорларга эркинлик яратади. Айрим ҳолларда оддий порнографиядан оғирроқ материалларга аста-секин ўтиш ҳам кузатилади. Психологлар бу жараённи “эскалация” деб атайди, яъни талабгор шахсда тақиқланган ва хавфлироқ материалларга босқичма-босқич ўтишга рағбатлар ошиб бораверади.

Террордан хавфлироқ масала

Ёдингизда бўлса, 2024 йилда Telegram мессенжери 15,3 миллионга яқин гуруҳ ва каналларни блоклаган эди. Ўшанда бу каналларнинг 702 мингтаси болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид материаллар бўлгани учун блокланган. Терроризм билан боғлиқ материаллар сабаб блокланган каналлар сони 129 та эканини ҳисобга олсак, бу таҳдид кўлам жиҳатдан терроризмдан қолишмаслигини сезамиз.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ўз ишини қилиши билан бирга, жамият бу жирканч ҳолатга кескин реакция кўрсатиши, ижтимоий ва психологик хабардорликни кучайтириш керак. Ота-оналар ва ўқув муассасалари болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиши, онлайн хавфсизлик ва шахсий ҳудудни ҳурмат қилиш ҳақида доимий маълумотлар ҳамма жойда бўлиши лозим.

Чунки талаб бор экан, таклиф пайдо бўлади. Таклиф бор экан, янги жабрланувчилар пайдо бўлади ва болаларга нисбатан давомли жиноятчилик юз бераверади.

Ўзбекистонда ҳам бу ҳолатнинг қайд этилиши хавфли сигнал. Айниқса халқаро жамият Эпштейн файллари даҳшатини ҳали ҳазм қила олмаётган бир пайтда. Бу – болалар хавфсизлиги, уюшган кибержиноят тармоқлари, шантаж ва товламачилик занжири, халқаро жиноий молиялаштириш каби муаммоларга нисбатан комплекс чоралар заруратини ўртага чиқаради.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид