Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бойсун конида юз берган аварияни тўхтатиш бўйича илмий ечим ва йўл безорисига 10 сутка қамоқ – маҳаллий дайжест
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юз берган авария тўхтатилишини маълум қилди. Сурхондарё вилоятида йўл ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш билан боғлиқ ишда 11 киши судланмоқда. ЙПХга бўйсунмаган иккита BMW воқеаси иштирокчиси Асадбек Жумаевга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Бойсундаги конда юз берган аварияни тўхтатиш бўйича илмий ечим топилди
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юз берган авария тўхтатилишини маълум қилди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтаётган йиғилишда технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилгани қайд этилди.
«Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз», деди президент.
2024 йил 1 сентябр куни Бойсундаги газ конига қарашли 604-қудуқда бурғилаш ишлари вақтида водород сулфиди (олтингугурт) гази сизиб чиқа бошлади, 2 сентябр куни Кофрун аҳолиси эвакуация қилинган эди.
Тошкент – Термиз йўналишига тезюрар поездлар қўйилади
Сурхондарё вилоятида йўл ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда темирйўл қатновига эътибор қаратилди. Ҳозир Тошкент – Термиз йўналишидаги йўловчи поезди 14 соатдан кўп вақт юради. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилган ва улар ушбу йўналишга қўйилади.
«Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган «Қумқўрғон – Қудуқли» темирйўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш билан боғлиқ ишда 11 киши судланмоқда
2025 йил сентябр ойида Тошкент вилоятидаги боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича қўзғатилган иш жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди иш юритувига келиб тушди. Суд ишига 11 киши жалб қилинган. Улар болалар боғчалари учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ компанияларда раҳбарлик ва техник лавозимларда ишлаган шахслардир.
Улар Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» банди ва 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ҳар бир вилоятда иккитадан “Инновацион томорқа мактаби” ишга туширилади
Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантиришга бағишланган йиғилишда томорқадан самарали фойдаланиш тажрибасини республика миқёсида кенгайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Энди ҳар бир вилоятда камида 2 тадан “Инновацион томорқа мактаби” ташкил этилади. Маълум қилинишича, Сурхондарёдаги 49 минг гектар томорқанинг 35 минг гектарида 3–4 марта ҳосил олинаётгани қайд этилди. Бундай кўрсаткич республикада бошқа ҳудудларда кузатилмаётгани таъкидланди.
Ангор, Узун ва Денов туманларида “Томорқа мактаби”ни ташкил этиш, улар орқали йилига 10 минг нафар аҳолини ўқитиш топширилди. Термиз тумани тажрибаси асосида эса ҳар бир вилоятда камида 2 тадан “Инновацион томорқа мактаби”ни ишга тушириш белгиланди.
Асадбек Жумаев 10 суткага қамалди
ЙПХга бўйсунмаган иккита BMW воқеасининг иштирокчиси бўлганидан «фахрланиши» ва бу ҳолатни тарқатгани учун «кичкина жарима» билан қутулиб кетганини айтган Асадбек Жумаевга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Унга нисбатан январда чиққан суд қарори устидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан кассация тартибида протест киритилган. Мазкур суд қарори билан Асадбек Жумаев БҲМ 20 баравари – 8 млн 420 минг сўм жаримага тортилганди. 27 феврал куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Асадбек Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг жарима солиш ҳақидаги қарорини бекор қилди.
Мавзуга оид
20:37 / 26.02.2026
Сурхондарёдаги сув таъминоти мегалойиҳаси ва халқаро фан олимпиадаси ғолибларига 1 млрд сўм – маҳаллий дайжест
22:32 / 25.02.2026
Қўқонда “дом” портлади, илк пулли йўл қурилиши бошланди, Wolt кетди – маҳаллий дайжест
21:49 / 24.02.2026
Президентнинг ёшлар билан мулоқоти ва «Янги авлод тадбиркорлари» дастури – маҳаллий дайжест
22:37 / 23.02.2026