Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш билан боғлиқ ишда 11 киши судланмоқда
Бўка туман суди Тошкент вилоятидаги боғча болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича жиноят ишини юритувга олди. Олий судга кўра, 11 кишига, жумладан, Shark Milk Product компанияси раҳбарлари, технологлари ва лаборантига, шунингдек, аутсорсинг фирмалари директорларига нисбатан айблов эълон қилинган.
Фото: Kun.uz
2025 йил сентябр ойида Тошкент вилоятидаги боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича қўзғатилган иш жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди иш юритувига келиб тушди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар қилди.
Суд ишига 11 киши жалб қилинган. Улар болалар боғчалари учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ компанияларда раҳбарлик ва техник лавозимларда ишлаган шахслардир:
- Р. О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ директори);
- С. С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери);
- Ф. О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари);
- А. С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ бош технологи);
- Р. Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи);
- М. Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи ёрдамчиси);
- Ж. Х. (эркак, 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Governess Business МЧЖ директори);
- Ф. Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Kinder Garden Group МЧЖ директори);
- И. С. (эркак, 2000 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Innavation Outsourcing Servise МЧЖ директори);
- Б. Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Nishon invest МЧЖ директори);
- Д. Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ лаборанти).
Айни пайтда жиноят ишини кўришни тайинлаш масаласи ўрганилмоқда.
Улар Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» банди ва 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Айбланувчиларнинг 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.
Боғчалардаги оммавий заҳарланиш
2025 йил 26 сентябр куни Бўка, Пискент, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Бекобод туманлари, Нурафшон ва Олмалиқ шаҳридаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг оммавий заҳарланиши рўй берганди. Дастлабки хабарларда 100 дан ортиқ бола шифохоналарга ётқизилгани айтилганди. Кейинчалик вилоят тиббиёт муассасаларига заҳарланиш шикояти билан мурожаат қилган болалар сони 2 мингга яқин экани маълум бўлди.
Бир неча кун ўтиб болаларнинг барчаси соғайиб, уйларига жавоб берилганди.
Ушбу воқеадан кейин сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари бўлган жами 7 киши қўлга олинган, уларга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари бошланганди.
Тергов иши синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилганди.
Мавзуга оид
12:20
ЙПХдан қочган BMW'лар иши: прокуратура суд қарорига протест киритди
09:52
Telegram’даги “бот” орқали мефедрон сотиш ҳолати фош этилди
19:14 / 26.02.2026
Фарғонадаги боғчада болани ток ургани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди
19:54 / 25.02.2026