Жаҳон | 00:56
4152
2 дақиқада ўқилади

Исроил Хоминаий ўлдирилганини айтмоқда. Эрон ОАВ у “урушни бошқараётгани”ни маълум қилди

Эрон олий раҳбари Али Хоминаий Исроил ва АҚШнинг биргаликдаги ҳужумлари натижасида ўлдирилганини кўрсатувчи “кўплаб белгилар бор”, деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу. Reuters манбаси унинг жасади топилганини иддао қилди. Хоминаийнинг офиси эса “душманнинг руҳий босимидан огоҳ бўлиш”га чақирмоқда. Эрон ОАВга кўра, олий раҳнамо ҳарбий ҳаракатларни “қатъият ва собитлик билан бошқариб турибди”.

Фото: Getty Images

Reuters'нинг келтиришича, Нетаняҳу миллатга мурожаатида шундай деган:

“Бугун эрталаб золим Хоминаийнинг қароргоҳини вайрон қилдик. Бу золим ортиқ ҳаёт эмаслигини кўрсатувчи кўплаб белгилар бор. Бугун эрталаб оятуллоҳ режимининг юқори лавозимли расмийлари, Инқилоб қўриқчилари қўмондонлари, ядро дастуридаги муҳим шахсларни йўқ қилдик ва биз давом этамиз. Кейинги бир неча кун давомида террор режимининг яна минглаб нишонларига зарба берамиз”.

Исроил матбуоти ҳукуматдаги манбаларга таянган ҳолда Хоминаий ўлгани ҳақида хабар бермоқда. Fox News манбасига кўра, АҚШдагилар ҳам Эрон етакчиси ўлганига ишонмоқда.

Reuters агентлигининг манбаси Хоминаийнинг жасади топилганини иддао қилган.

Эрон олий раҳбарининг матбуот хизмати раҳбари буларни рад этди. “Душман бизни руҳан синдирмоқчи, ҳамма огоҳ бўлиши керак”, деди у.

Эроннинг Tasnim ва Mehr ахборот агентликлари хабарига кўра, олий раҳнамо “қатъият ва собитлик билан ҳарбий ҳаракатларни бошқармоқда”.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳарбий тажовузи 28 феврал куни эрталабдан бошланди. Теҳрон ва мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида портлашлар кузатилди. Ўз навбатида, Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари ва Исроил ҳудудларини нишонга олмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид