Ўзбекистон | 21:38
1780
3 дақиқада ўқилади

Хорижий делегациялар ҳокимлар учун “оилавий тур”га айланган - агентлик хулосаси

Самарқанд вилоятида расмий делегациялар таркибига ҳокимларнинг яқин қариндошлари киритилгани ҳақидаги ҳолатлар ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш олиб борди. Унга кўра, Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари томонидан хорижий хизмат сафарларига ҳокимларнинг ўғли, турмуш ўртоғи ҳамда сафарга алоқадор бўлмаган шахслар юборилган, айрим маълумотлар эса очиқ эълон қилинмаган.

Ўрганиш давомида Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари мансабдор шахслари хизмат сафарларига яқин қариндошлари, шунингдек сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимларни юборгани аниқланган.

Жумладан, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ҳамда ҳокимнинг ўғли Д.Д. хизмат сафарига юборилган.

Шунингдек, Хитойда ўтказилган “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш” мавзусидаги махсус ўқув курсларига Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилгани кўрсатилиб, 32 нафардан иборат делегация рўйхати тақдим этилган. Бироқ таҳлил жараёнида айрим шахслар, хусусан туман ҳокимининг турмуш ўртоғи М.Ш. ҳамда ҳокимликдаги бошқа мансабдор шахснинг яқин қариндоши Ч.Ҳ. рўйхатга асоссиз киритилгани маълум бўлган. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.С. Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлса-да, амалда улар мазкур техникумда ишламаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан 2025 йил 22-30 май кунлари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо шартномалари бўйича келишувларга эришиш мақсадида Хитойга хизмат сафари ташкил этилган. Делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилгани қайд этилган.

Агентликнинг таъкидлашича, давлат раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон фармонига мувофиқ мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши шарт. Бироқ Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари ушбу маълумотларни асоссиз равишда яширган.

Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида коррупциявий ҳолатларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича чоралар давом эттирилишини билдирди. Шунингдек, агентлик мазкур йўналишда ОАВ, журналистлар ва блогерлар билан очиқ ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид