Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд вилояти мактаб таълими бошқармаси бошлиғи «Алвон елканлар» можароси ортидан ишдан кетди
Санкт-Петербургда ўтган битирувчилар байрамига ўз фарзанди ва жиянини ҳам юборган Самарқанд вилояти мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ишдан олинди. Шунингдек, бошқарманинг яна 5 ходимига интизомий чоралар кўриш бўйича таклиф берилган.
Фото: Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги байрамга иқтидорли ўқувчилар ўрнига амалдорларнинг қариндошлари юборилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов лавозимидан озод этилди. Бу маълумотни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz’га тасдиқлади.
Текширув давомида масъуллар «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ва «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, давлат хизматчилари одоб-ахлоқи қоидалари талабларига зид ҳаракат қилгани, қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйгани аниқланган.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Б., бухгалтерия ҳисоби ва давлат харидлари шуъбаси етакчи мутахассиси О.М., педагогларнинг билим ва малакаларини баҳолашни ташкил этиш шуъбаси бош методисти О.М., ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шуъбаси бошлиғи Г. С., ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шуъбаси методисти И.Х.га нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича вазирликка таклиф киритилган.
Масала вазирликнинг Одоб-ахлоқ комиссиясида муҳокама қилиниб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари белгиланган.
Маълумот учун, Музаффар Ҳамдамов 2019 йилдан Пахтачи тумани ҳокими лавозимида ишлаган, 2025 йил февралида Самарқанд вилояти ММТБ бошлиғи лавозимига ўтказилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июн ойида Санкт-Петербургдаги «Алвон елканлар» номли байрамга («Алые паруса») Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг айрим мансабдор шахслари аълочи ўқувчилар ўрнига ўз фарзанди, жияни ва яқинларини юборгани аниқланганди.
Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан текширув бошлади.
Ўрганишлар натижасида хориж сафари учун маҳаллий бюджетдан ажратилган 95 млн сўм маблағдан бир қисми – 28 млн сўм уч нафар ўқувчининг ота-онаси томонидан бюджетга қайтарилгани маълум қилинган, шунингдек, вазирликка таниш-билишчиликка йўл қўйган расмийларни ишдан бўшатиш ҳақида тақдимнома ҳам киритилганди.
Мавзуга оид
16:47 / 11.02.2026
Самарқанддан Хитойга юборилган делегациялар таркибида ҳокимларнинг ўғиллари ва ҳайдовчиси ҳам бўлган – манба
08:53 / 04.02.2026
Санкт-Петербургдаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди
13:33 / 03.02.2026
Самарқандда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди
13:40 / 09.01.2026