Жаҳон | 23:04 / 10.03.2026
1923
2 дақиқада ўқилади

Эрон Миллий хавфсизлик кенгашида Трампга ўлим билан таҳдид қилинди

Кенгаш котиби Али Ларижоний Доналд Трампни «эҳтиёт бўлишга» чақирди.

Али Ларижоний / Фото: Reuters

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўз мамлакатига нисбатан таҳдидларини пуч деб атади. Ларижоний Америка президентини «эҳтиёт бўлишга» чақирди ва ўлдириш билан таҳдид қилди.

«Эрон сизнинг қуруқ таҳдидларингиздан қўрқмайди. Эрон миллатини сиздан кучлилар ҳам йўқ қила олмайди. Эҳтиёт бўлинг, сизни йўқ қилиб юборишмасин», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Али Ларижоний Доналд Трампнинг Эроннинг Ҳўрмуз бўғози бўйича чора-тадбирлари оқибатлари ҳақидаги баёнотига шундай жавоб қайтарди.

«Агар Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги нефт оқимини тўхтатадиган бирор чора кўрса, улар Америка Қўшма Штатларидан аввалгига қараганда 20 баравар кўпроқ зарар кўради», деб ёзган эди Америка президенти ижтимоий тармоқда.

28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Бунга жавобан Теҳрон Ҳурмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини тақиқлашини эълон қилди. Бу Форс кўрфази мамлакатларидан нефт экспорт қилишнинг ягона йўли ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид