Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умра сафарларининг тикланиши ва «Ташаббусли бюджет»даги ғирромлик – маҳаллий дайжест
Транспорт вазирлиги 10 мартдан бошлаб маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга Саудия Арабистони ва БАА билан икки томонлама авиақатновларни тиклашга рухсат берди. «Ташаббусли бюджет»нинг саралаш босқичида йўл қўйилган қоидабузарликлар туфайли 7 та туман ва 3 та шаҳар унда вақтинча иштирок этолмайдиган бўлди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Умра сафарлари қайта йўлга қўйилди
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 10 мартдан бошлаб маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга Саудия Арабистони ва БАА билан икки томонлама авиақатновларни тиклашга рухсат берди.
Парвозларни ташкил этишда парвозлар хавфсизлиги талаблари, халқаро ҳаво ташувлари бўйича амалдаги қоидалар, шунингдек Саудия Арабистони ва БАА ваколатли органлари томонидан белгиланган талаб ва тартибларга қатъий риоя этилиши таъминланиши белгиланган.
Яқин Шарқда ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари 1 март кунидан тўхтатилган эди.
Турли «ўйинлар» сабаб 10 та туман ва шаҳар «Ташаббусли бюджет»да санкцияга учради
«Ташаббусли бюджет»нинг саралаш босқичида маҳаллий комиссиялар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар туфайли 7 та туман ва 3 та шаҳар бугун, 11 мартдан бошланган ва 20 мартгача давом этадиган овоз бериш босқичида вақтинча иштирок этолмайдиган бўлди.
«Ташаббусли бюджет»нинг 2026 йилги 1-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан жами 21049 та лойиҳа таклиф қилинган бўлиб, шундан 17390 таси саралаш босқичидан овоз бериш босқичига ўтказилган.
Аммо Хоразм вилояти Урганч шаҳри, Боғот, Қўшкўпир, Урганч, Хива, Янгиариқ туманлари; Тошкент вилояти Зангиота тумани; шунингдек, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри ҳамда Навоий вилоятининг Ғозғон ва Навоий шаҳарларида лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилган ёки «Ташаббусли бюджет» мезонларига зид лойиҳалар овоз беришга ўтказилган. Шу сабабли ушбу ҳудудларда овоз бериш босқичи вақтинчалик чекланди.
Йил бошидан буён 11 та янги табиий газ қудуғи ишга туширилди
Президент Шавкат Мирзиёевга 10 март куни нефт ва газ соҳасида белгиланган вазифалар ижросининг ҳолати юзасидан ҳисобот берилди.
Бу борада соҳа раҳбарларининг жорий йил бошидан 3D сейсмик қидирув ишлари 471 квадрат километр ҳажмда амалга оширилгани, 11 та янги қудуқ ишга туширилгани, 20 та қудуқда таъмирлаш ишлари бажарилгани ва 5 та технологик тадбир амалга оширилгани тўғрисидаги маълумоти кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари белгиланган вазифалар ва режалаштирилган чора-тадбирлар ижросини аниқ ҳисоб-китоб ва қатъий интизом асосида таъминлашни давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Блогер қамоққа олинди
YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи Сирожиддин Одилов фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Самарқанд вилоят ИИБнинг маълум қилишича, Паст Дарғом туманида яшовчи, 1961 йилда туғилган фуқаро YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи бўлган блогер устидан ИИБга мурожаат қилган. У 2024 йил август ойида Тошкент шаҳрида яшовчи Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масалани ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилгани, блогер ваколатли шахс бўлмаса-да, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пул олгани ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келгани боис қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Сирожиддин Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Мавзуга оид
22:23 / 10.03.2026
5 кишини ўлдирган авария ва фош этилган жиноий гуруҳлар – маҳаллий дайжест
20:20 / 05.03.2026
Камбағалликнинг янги чегараси ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганларга қарши «ов» - маҳаллий дайжест
21:22 / 04.03.2026
Тошкентда бекатлар “ислоҳоти” ва 4 одамни ўлдирган авария – маҳаллий дайжест
21:04 / 03.03.2026