Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ва Тошкентда яширилган жиноятлар – маҳаллий дайжест
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиш тадбирида иштирок этди. Прокуратура ўтган йили пойтахтда жиноят иши қўзғатилиши керак бўлган мингга яқин иш ноқонуний тарзда тўхтатилганини аниқлади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиш тадбирида иштирок этди.
Марказ майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. У Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Бу каби ноёб кўрсаткичлар уни «Гиннесснинг рекордлар китоби»га киритиш учун ҳам асос бўлмоқда.
Президент марказда яратилган шароитлар, бой экспозициялар ва янги ташаббуслар билан танишди. Қуръони Карим залига кириб, мазкур масканда яратилган маънавий муҳит ва ноёб экспозицияларни кўздан кечирди. Марказга ҳадя этилган ва хориждан харид қилинган қимматбаҳо тарихий артефактлар кўргазмасини кўздан кечирди. Давлат раҳбари Ислом цивилизацияси марказининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.
Президент Hyundai Rotem поездида Самарқанддан Нарпайга борди
Шавкат Мирзиёев 18 март куни жамоатчилик вакиллари билан биргаликда янги Hyundai Rotem юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига борди. Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ушбу поезд етти вагондан иборат, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта – VIP, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.
Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган. Яқин орада “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкент—Урганч—Хива йўналиши бўйлаб қатнай бошлайди. Қатнов вақти 7 соатни ташкил этиши кутилмоқда.
Тошкент-Чорвоқ пулли йўлини уч йилда қуриш режалаштириляпти
Йўл қурилиши бўйича «Автойўлинвест» ва Қатарнинг Protocol Group ва Жанубий Кореянинг Korea Expressway Corporation компаниялари билан дастлабки келишувларга эришилди.
Ҳозир Тошкентдан Чорвоққача бўлган ўртача қатнов вақти 80 дақиқани ташкил этади. Янги йўл қурилгандан сўнг, бу тахминан 35 дақиқагача қисқаради. Мазкур лойиҳа Бўстонлиқ туманига сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилиши ва ушбу йўналишда тез-тез юзага келадиган тирбандликлар муаммосини ҳал қилиши керак. Автомобил магистралининг умумий узунлиги 52 кмни ташкил этади.
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни ишга тақсимлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида амалдаги тартибга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Тегишли қарор лойиҳасига кўра, амалдаги низомда белгиланган “камида уч йил” ишлаб бериш мажбуриятига оид нормалар чиқариб ташланиши таклиф этилмоқда. Янги тартибга мувофиқ, давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларнинг ишлаб бериш муддати таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ваколатли орган томонидан алоҳида белгиланади. Шунингдек, битирувчиларни ишга тақсимлаш билан боғлиқ айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, “доимий яшаш жойи” атамасини “яшаш жойи” деб алмаштириш кўзда тутилмоқда.
Тошкентда ички ишлар ходимлари бир йилда 954 та жиноятни яширгани маълум қилинди
Ўтган йили пойтахтда жиноят иши қўзғатиш керак бўлган мингга яқин иш ноқонуний тарзда тўхтатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри прокурори Анвар Ўрмонов ҳисоботида айтилади.
Маълум қилинишича, ички ишлар органларининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қабул қилинган 954 та (маҳкама – 537, туманлар – 417) ноқонуний қарори бекор қилиниб, улар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳисобдан яширилган жиноятларнинг 23 таси оғир жиноятларни ташкил қилади, учта жиноят қайд этмаслик йўли билан ҳисобдан яширилгани аниқланган.
Мавзуга оид
21:04 / 17.03.2026
Олтин қазиб олиш бўйича 175 тонналик марра ва ўз қоидабузарлигини интернетда тарқатганлар учун жазо – маҳаллий дайжест
20:43 / 16.03.2026
Янги мис бойитиш фабрикаси ва сунъий интеллект бўйича этика меъёрлари – маҳаллий дайжест
20:46 / 13.03.2026
«Молиявий пирамида» учун жазо ва жиноий жавобгарликка тортилган ҳоким ёрдамчилари – маҳаллий дайжест
21:50 / 12.03.2026