Ўзбекистон | 21:32
1704
3 дақиқада ўқилади

Давлат рақам белгилари учун янги илова ва навбатдаги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест

Автомобил давлат рақам белгиларини олиш бўйича янги илова яратилди. FastAI молиявий пирамидаси оммалашмоқда. Таксичиларни алдашнинг янги фирибгарлик усули фош этилди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Автомобил давлат рақам белгиларини олиш бўйича янги илова яратилди

Янги “AvtoRaqam” мобил иловаси ишга туширилди. Энди фойдаланувчилар давлат рақамлари комбинацияларини реал вақт режимида кузатиб, ўзига маъқул вариантни танлаб харид қилиши мумкин.

Давлат рақам белгиларини жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам сотиб олиши мумкин.

Янги тизимда “чиройли” комбинацияга эга давлат рақамлари фақатгина “AvtoRaqam” иловаси орқали берилади. Оддий давлат рақамлари эса “Random” — тасодифий танлаш орқали ажратилади.

FastAI молиявий пирамидаси оммалашмоқда

Ўзбекистонда кетма-кет пайдо бўлган ҳамда кўплаб инсонларни чув туширган молиявий пирамидалар асосан видео кўриш ва уларга лайк босиш орқали пул топиш ёлғонига қурилганди. Бугунга келиб одамларни бундай ёлғонларга ишонтириш тобора қийинлашиб бормоқда. Шу сабабли молиявий пирамидалар янги ёлғонлар ўйлаб топишга киришди. Шулардан бири FastAI номи остида тарғиб қилинаётган платформа ҳисобланади.

FastAI молиявий пирамидаси робот сотиб олиш орқали даромад кўришни ваъда қилмоқда. Сўнгги 2-3 йилда ўнлаб молиявий пирамидаларга минглаб одам чув тушганига қарамай, FastAI’га ишонувчилар ҳам топилмоқда. Бироқ инвестор учун “ишлаши” айтилаётган роботнинг ўзи йўқ: уни кўриш ёки даромад келтираётган қандай иш қилаётганини билиш имконсиз.

Таксичиларни алдашнинг янги фирибгарлик усули фош этилди

Қарши шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан такси ҳайдовчиларини алдаш билан шуғулланган фирибгарлар фош этилди. Улар ўзларини йўловчи сифатида кўрсатиб, турли баҳоналар орқали ҳайдовчилардан пул ва банк маълумотларини қўлга киритган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жиноятчилар махсус мобил иловалар орқали такси буюртма қилган. Манзилга етиб келган ҳайдовчилардан эса “нақд пул йўқлиги”ни баҳона қилиб, маблағни карта орқали ўтказишни сўраган. Шу орқали улар ҳайдовчиларнинг банк картаси маълумотлари ҳамда SMS орқали келадиган тасдиқ кодларини қўлга киритган.

Энди айрим ўқувчилар давлат имтиҳонини топширмайди

Ўрта махсус таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга кўра, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ўқувчилар мазкур фанлардан давлат имтиҳонини топширмайди ва уларга максимал балл қўйилади.

Шунингдек, якуний аттестация синовларини уч йил мобайнида ҳам топширмаган ўқувчилар учун давлат намунасидаги шаҳодатномани олиш мақсадида экстернат тартибида якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи белгиланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид