Жаҳон | 21:39 / 27.03.2026
2340
5 дақиқада ўқилади

Эрон ва АҚШ музокаралари: ҳақиқатми ё пропаганда?

Доналд Трамп Эрон раҳбарияти йўқ қилинганини таъкидлаётган бир пайтда, музокаралар масаласи чалкаш тус олмоқда. Расмий баёнотлар билан реал жараёнлар ўртасида катта фарқ сезилади. АҚШ музокаралар бошланганини айтса, Эрон буни рад этмоқда. Баъзи манбаларга кўра, Теҳрондагилар Трампнинг куёви ва голфчи ўртоғини музокара столида кўришни хоҳламаяпти.

Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.

— Эрон барча лидерларини ўлдирилганини даъво қилган Трамп, ҳозир ким билан музокара олиб боряпти?

Санжарбек Рашидов: Кўплаб экспертлар фикрича, бу жараёнда Стив Уиткофф ва Жард Кушнер каби шахслар фаол. Бироқ Эрон уларни ишончли томон сифатида қабул қилмайди. Айниқса, Кушнернинг Нетаняҳуга яқинлиги бу ишончсизликни кучайтиради. Эрон ички сиёсатида эса вазият мураккаб, расмий ҳокимиятдан ташқари, реал таъсир кучи асосан ҳарбий тузилмаларда жамланган.

Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Ҳозирги муҳим шахслардан бири – олий раҳбар этиб сайланган Мужтаба Хоминаий. У ҳақида маълумотлар чекланган бўлиб, уруш бошидан бери кўриниш бермади, фақат унинг номидан ёзма баёнотлар янгради. Яна ИИҚК таркибидаги таъсирли фигурадан бири – янги раҳбар Аҳмад Воҳиди. Айни пайтда қарорларнинг катта қисми айнан ҳарбий доиралар орқали ўтаётгани айтилмоқда. Шу фонда амалдаги президент Масъуд Пизишкиённинг ҳокимияти чекланган. Айрим чиқишларидан сўнг у четга сурилгани ҳам таъкидланмоқда.

Яна бир муҳим сиёсий фигура – Муҳаммад Боқир Ғолибоф. Ҳозирда музокаралар айнан у орқали олиб борилаётгани ҳақида турли манбалар хабар бермоқда. Шунингдек, Исмоил Қани бошчилигидаги “Ал-Қудс” кучлари ҳам катта таъсирга эга. Бу тузилма Эроннинг ташқи операцияларини бошқаради ва энг ёпиқ ҳам кучли бўлинмалардан бири ҳисобланади.

Халқаро воситачилар масаласида эса Покистон ва Туркия фаол рол ўйнамоқда. Ҳар икки давлатнинг ҳам АҚШ ва Эрон билан алоқалари нисбатан яхши. Айниқса, Покистон томони муҳим воситачи сифатида кўрилмоқда.

Камолиддин Раббимов: Бу ерда иккита асосий жиҳат бор: биринчиси алоқалар, иккинчиси реал музокаралар. Эрон томони музокаралар йўқлигини таъкидламоқда, АҚШ эса аксинча, алоқалар борлиги ва музокаралар кетаётганини айтмоқда.

Доналд Трамп – сиёсатда кўпинча ахборотни ўзига қулай тарзда талқин қиладиган шахс сифатида танилган. Баъзан оддий алоқа ёки хат алмашув ҳам у томонидан “музокара” сифатида кўрсатилиши мумкин. Бу кўпроқ ички аудитория, хусусан MAGA тарафдорларига кучли лидер образини намойиш этиш билан боғлиқ.

Асосий масалага келсак, уруш бошланганига деярли бир ой бўлди ва ҳозир Эрон ўзини нисбатан қулай позицияда ҳис қилмоқда. Агар у ҳозир музокараларга рози бўлса, Ғарб буни “Эрон чарчади” деб талқин қилиши мумкин. Шу сабабли Эрон босимни давом эттиришни афзал кўрмоқда. Бу босим, асосан, минтақадаги иттифоқчиларга қаратилган.

Хусусан, Кувайт, БАА, Қатар ва Баҳрайн каби давлатларнинг энергетика ва сув инфратузилмасига таҳдидлар янграмоқда. Бу давлатлар денгиз сувини тозалаш тизимларига боғланган. Агар бу тизимларга зарба берилса, қисқа муддат ичида жиддий гуманитар муаммолар юзага келиши мумкин.

CNN маълумотларига кўра, Эрон музокаралардан олдин бир қатор шартларни илгари сурган. Жумладан, улар Стив Уиткофф ва Жард Кушнер каби шахсларни музокарачи сифатида қабул қилмаслигини билдирган. Бунинг ўрнига АҚШ вице-президенти Ж.Д.Вэнс билан мулоқотни истамоқда. Эрон назарида, у урушга нисбатан эҳтиёткор позицияга эга сиёсатчи сифатида кўрилади.

Ҳозирда икки томоннинг шартлари бир-биридан анча узоқ. АҚШ томонидан илгари сурилган талаблар ҳам, Эроннинг жавоб шартлари ҳам кескин ва имконсиз.

Яна бир муҳим жиҳат – Ҳўрмуз масаласи, Эрон бу ҳудуд устидан назоратни кучайтириш орқали глобал иқтисодиётга босим ўтказиш имкониятига эга. Ҳатто айрим қарашларга кўра, Эрон ушбу йўлакдан ўтувчи кемалардан тўлов ундириш ғоясини ҳам илгари сурмоқда. Бу эса катта иқтисодий даромад манбайига айланиши мумкин.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид