Ўзбекистон | 20:02
1027
6 дақиқада ўқилади

СИ ёрдамида тайёрланадиган раҳбарлар ва аномал иссиқнинг чўзилиши — маҳаллий дайжест

Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди, улар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади. 1 октябрдан ўз номидаги SIM-карта ва банк карталари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Паспорт ёки ID-картани йўқотганлик учун жарима бекор қилиниши мумкин. Аномал иссиқ даври чўзилиши кутилмоқда. Қурилиши тугалланмаган уйларга кўчиб кириш тақиқланади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди

Шавкат Мирзиёев иқтидорли бошқарувчилар ва янги авлод раҳбарларини тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда сунъий интеллект ёрдамида 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича раҳбар кадрларга эҳтиёж аниқлангани маълум қилинди. Энергетика, «яшил» технологиялар, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида малакали мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди.

Янги тизимга кўра, номзодлар 100 баллик мезон асосида рақамли технологиялар орқали баҳоланади. Улар учун сунъий интеллект ёрдамида индивидуал ривожланиш режалари ишлаб чиқилади. Ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчи сараланиб, 2030 йилга қадар 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат миллий раҳбар кадрлар захираси шакллантирилади.

Шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун «ТОП-100» очиқ танлови йўлга қўйилади. Ғолиблар махсус ўқув дастурларида тайёрланиб, миллий кадрлар захирасига киритилади.

1 октябрдан ўз номидаги SIM-карта ва банк карталари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) янги хизматлар жорий этилади.

Жумладан, фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқариш имкониятлари яратилади. Бунда телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш, телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш, банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш мумкин.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа воситалари орқали SMS-хабарнома шаклида товар ва хизматларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади. Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини телекоммуникация тармоқлари (мобил алоқа) орқали соат 18.00 дан 9.00 гача тарқатиш тақиқланади. Мобил алоқа операторларига реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини абонент сўровига кўра тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади.

Паспорт ёки ID-картани йўқотганлик учун жарима бекор қилиниши кутилмоқда

Паспорт ва ID-картани йўқотиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг давлат хизматларини такомиллаштириш ва фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, уч ой муддатда амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Улар орасида биометрик паспорт, ID-карта ва яшаш гувоҳномасини йўқотиш ҳолатларида маъмурий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам бор.

Амалдаги қонунчиликка кўра, паспорт ёки ID-картани эҳтиётсизлик оқибатида йўқотиб қўйиш учун БҲМ 0,5 бараваридан 3 бараваригача (206 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача) жарима қўлланади. Жариманинг аниқ миқдори ҳуқуқбузарлик ҳолати ва ваколатли орган қарорига қараб белгиланади.

Аномал иссиқ даври чўзилиши кутилмоқда

18–20 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши давом этади. Бу эса 19 июл тугаши кутилган аномал иссиқ даврининг чўзилишини англатади.

Шу кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 46–48 даражагача кўтарилиб, кучли шамол ва чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда 43–45 даражагача, жанубий ва чўл минтақаларида эса айрим жойларда 46–48 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Шунингдек, республика бўйича шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши прогноз қилинган. Айрим ҳудудларда шамол тезлиги секундига 20–22 метргача етиб, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Қурилиши тугалланмаган уйларга кўчиб кириш ҳолатларига чек қўйилади

Ўзбекистонда қурилиши тугалланмаган ва белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб кириши ҳолатлари олдини олиш мақсадида қонунчилик кучайтирилмоқда. Бунинг учун масъул шахсларга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Қонунчилик палатаси мажлисида мазкур масалага оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Таъкидланишича, бундай ҳолатлар аҳоли хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдириши мумкин. Қонун лойиҳасига мувофиқ, Жиноят кодексига кўп квартирали уйлар қурилиши учун масъул шахслар ёки мансабдор шахслар томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилган. Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачилар ва пудратчилар зиммасига белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбуриятини юкловчи нормалар киритилиши назарда тутилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид