Ўзбекистон | 20:08
751
5 дақиқада ўқилади

Бекободда янги металлургия мажмуаси ва аномал иссиқ ҳафтанинг бошланиши — маҳаллий дайжест

Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинати ҳузурида янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилди. 13–19 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудида аномал-ғайритабиий иссиқ ва қурғоқчилик бўлиши кутилмоқда. Аномал иссиқ сабаб бутун республика бўйлаб боғчалар ёпилиши мумкин. Йўлларда энг кўп учраётган қоидабузарликлар маълум қилинди. Самарқанд вилоятида прокурор ўринбосари қўлга олинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Бекободда янги металлургия мажмуаси фойдаланишга топширилди

Тошкент вилоятидаги Бекобод шаҳрида Ўзбекистон металлургия комбинати ҳузуридаги янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилди. Мамлакатда илк бор иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариладиган мазкур мажмуа йилига 1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 1 200 та янги иш ўрни яратади.

Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида мажмуанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.

Янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси Ўзбекистонда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи лойиҳа ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 8 триллион сўмлик 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқарилади. Бу Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини беради.

Аномал иссиқ ҳафта бошланди

13–19 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудида аномал-ғайритабиий иссиқ ва қурғоқчилик бўлиши кутилмоқда.

Ҳафта давомида қуруқ ва меъёрдан зиёд ўта иссиқ об-ҳаво шароити юзага келади. «Ўзгидромет» маълумотига кўра, яқин кунларда ҳарорат +41...+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44...+46 даражагача кўтарилиши мумкин.

Иссиқ кунларда инсон организми қизиши, сувсизланиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши, иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи фуқароларга эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишни тавсия этди.

Аномал иссиқ сабаб бутун республика бўйлаб боғчалар ёпилиши мумкин

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ туфайли давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини вақтинча тўхтатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'га Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.

Бу борада ҳокимликлар, Санитария-эпидемиология қўмитаси ҳамда «Ўзгидромет» билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, қарор республика бўйича ягона тартибда эмас, балки ҳар бир ҳудуддаги об-ҳаво ва санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Аввалроқ аномал иссиқ сабаб Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган эди.

Йўлларда энг кўп учраётган қоидабузарликлар маълум қилинди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) 2026 йил 4 февралдан 10 июлгача бўлган даврда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун қарийб 400 минг фуқарога нисбатан маъмурий огоҳлантириш чораси қўлланганини маълум қилди. Шунингдек, 671 нафар ҳайдовчи 12 баллдан ортиқ жарима балл тўплаган.

Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида энг кўп қайд этилган қоидабузарликлар хавфсизлик камарини тақмасдан транспорт воситасини бошқариш, ҳайдовчилик вақтида мобил телефондан фойдаланиш, ҳаракатланиш жараёнида видео томоша қилиш, белгиланган тезликни ошириш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳамда йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлган.

Шунингдек, пиёдалар томонидан йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш ҳолатлари ҳам энг кўп учраган қоидабузарликлар қаторига киритилган.

Самарқанд вилоятида прокурор ўринбосари қўлга олинди

Самарқанд вилояти, Ургут тумани прокурори ўринбосари пора олиш билан боғлиқ жиноятда гумон қилиниб ушланди.

Тергов материалларига кўра, у Паст Дарғом тумани прокуратурасида фаолият юритган даврида хизмат мавқейидан фойдаланиб, маҳаллий масъулияти чекланган жамият томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга етказилган 2 миллиард 887 миллион сўм зарар миқдорини 805,9 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 миллион сўм олгани аниқланган. Шунингдек, у мазкур корхонага мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150–200 миллион сўмгача камайтириш ҳамда суд органларидаги танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишига ёрдам беришини айтиб, корхона эгасидан яна 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Айни пайтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид