Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми ва банкка кирган босқинчи — маҳаллий дайжест
15 июлдан «Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми бошланди. Аномал иссиқ: иш берувчиларга янги талаблар қўйилди, суп сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди. Иш ҳақи кечикканда иш берувчининг компенсация тўлаш тартиби белгиланади. Самарқандда банкка бостириб кириб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди. 2026 йилда олий таълимга қабул миқдори кескин оширилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми бошланди
15 июлдан «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми лойиҳа киритиш босқичи бошланди. Ташаббускорлар 3 августгача ўз лойиҳаларини openbudget.uz порталида илгари суриши мумкин. Жорий мавсум учун ажратилган бюджет – 2 триллион 187,7 млрд сўм.
Ўрнатилган тартибга кўра, лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт минг баравари (1 млрд 648 млн сўм), жиҳозлаш лойиҳалари бўйича икки минг баробаридан (824 млн сўм) ошмаслиги лозим.
Шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам 3 августгача қабул қилинади. Бунда кейинчалик лойиҳа учун зарур маблағнинг 50 фоизи тўпланган тақдирда, лойиҳа автоматик ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоиз маблағ маҳаллий бюджетдан молиялаштирилади. Ғолиб лойиҳалар 1 сентябр куни эълон қилинади.
Аномал иссиқ: иш берувчиларга янги талаблар қўйилди, сув сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди
Давлат меҳнат инспекцияси мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво муносабати билан иш берувчиларни ходимлар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор мажбурий чораларни кўришга чақирди. Жумладан, куннинг энг иссиқ соатларида ташқи ва оғир жисмоний ишларни чеклаш ёки вақтинча тўхтатиш тавсия этилди.
Инспекциянинг маълум қилишича, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунларда иш берувчилар иш жараёнини меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари асосида ташкил этиши шарт. Хусусан, соат 11:00 дан 16:00 гача бўлган энг иссиқ вақтда ташқи ишлар ҳажмини қисқартириш ёки тўлиқ тўхтатиш, шунингдек, оғир жисмоний меҳнатни чеклаш тавсия этилган.
Шу билан бирга, республика бўйлаб яшил ҳудудларни асраш ва аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, мамлакатнинг барча ҳудудларида дарахтлар, буталар ва манзарали ўсимликлар намликнинг буғланиши энг кам бўладиган тонг, кечқурун ва тунги вақтларда суғорилмоқда. Шунингдек, махсус техникалар ёрдамида шаҳар кўчалари ва жамоат жойларини совитиш ишлари ҳам ташкил этилган.
Иш ҳақи кечикканда иш берувчининг компенсация тўлаш тартиби белгиланади
Қонунчилик палатаси депутатлари меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Лойиҳада иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда. Аммо хабарда бу қандай бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида иш ҳақини кечиктиргани учун автоматик ҳисобланадиган ягона кунлик пеня меъёри белгиланмаган. Компенсация масаласи Меҳнат кодекси, жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатларга қараб ҳал қилинади.
Самарқандда банкка бостириб кириб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди
Самарқандда банкни ўмармоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Маълум қилинишича, ҳолат 13 июл куни содир бўлган. Банкка қишки кийимда, юзини ниқоб билан яширган ва қора сумка кўтарган шахс кириб келган. У ўзида портловчи модда борлигини айтиб, банк ходимларини қўрқитган. Сўнгра ойналарни синдириб, пул талаб қилган.
Келиб тушган ташвиш хабари асосида воқеа жойига қўриқлаш хизмати ходимлари етиб борган. Улар ниқобли шахс билан хавфсиз масофадан туриб, мулоқот қилишган. Музокаралардан сўнг босқинчи ўз хоҳиши билан таслим бўлган ва қўлга олинган. Ҳодиса оқибатида фуқароларга зарар етмагани билдирилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
2026 йилда олий таълимга қабул миқдори кескин оширилди
2026-2027 ўқув йилида Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари сезиларли даражада оширилди. Янги ўқув йили учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қабул 234 мингдан ортиқ этиб белгиланган бўлса, давлат гранти асосида 36 мингдан зиёд талаба ўқишга қабул қилинади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг таъкидлашича, қабул жараёнида муҳандислик, ахборот технологиялари (IT), педагогика ҳамда аграр соҳалар устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Таъкидланишича, сўнгги уч йилда кундузги таълим шакли бўйича қабул кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда мазкур кўрсаткич 127 минг 995 нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 148 минг 400 нафарга етган. 2026 йилда эса қабул ҳажми 234 мингдан ортиқ этиб белгиланди.
Мавзуга оид
20:08 / 13.07.2026
Бекободда янги металлургия мажмуаси ва аномал иссиқ ҳафтанинг бошланиши — маҳаллий дайжест
19:24 / 10.07.2026
Меҳнат низоларини кўриб чиқишда янги тартиб ва Зарафшон дарёсидаги фожиа — маҳаллий дайжест
19:00 / 09.07.2026
Солиқ кешбэкини бекор қилиш таклифи ва эски машина эгаларига янги имкониятлар — маҳаллий дайжест
21:13 / 08.07.2026