Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергия истеъмолига чекловнинг тақиқланиши ва матбуот эркинлиги бўйича «жуда жиддий» вазият – маҳаллий дайжест
Энергияни тежаш мақсадида газ ва свет истеъмолига чеклов киритиш тақиқланди. Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистондаги вазият “жуда жиддий” экани маълум бўлди. Машина олиб бериш ваъдасида юзлаб одамни чув туширган “Umid avto”чиларга ҳукм ўқилди. Автомобилни жарима майдонидан онлайн тартибда олиб чиқиш имконияти жорий этилди.
Энергияни тежаш мақсадида газ ва свет истеъмолига чеклов киритиш тақиқланди
Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди. Бу президент фармонида белгиланди.
Фармон билан, энергия самарадорлиги ва тежамкорлигини ошириш бўйича янги чоралар тасдиқланди. Хусусан, “Энергия самарадорлиги – фаровон ҳаёт гарови” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
2026 йил 1 июлдан вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.
Матбуот эркинлиги индекси: Ўзбекистондаги вазият “жуда жиддий”лигича қолмоқда
Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти 2026 йил учун Матбуот эркинлиги индексини эълон қилди.
Унда Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 147-ўринда қайд этилган ва матбуот эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий” давлатлар қаторида қолмоқда. Рейтингдаги ўрин қанчалик паст бўлса, вазият шунчалик ёмон эканини англатади.
Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни ўтган йилгидан 1 поғонага кўтарилган, аммо рейтинг балларида пасайиш бор.
Халқаро кузатувчилар 2025 йилда Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни 100 баллдан 35,24 баллга баҳолаган бўлса, жорий йилда 34,95 балл берилган.
Машина олиб бериш ваъдасида юзлаб одамни чув туширган “Umid avto”чиларга ҳукм ўқилди
Осон шартларда машина олиб беришни ваъда қилиб, одамларни чув туширган “Umid avto”чилар жиноий жазога тортилди. 14 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Юнусобод туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Улар Тошкент шаҳри ва республиканинг турли нуқталарида “Umid avto companies”, “Umid Savdo Fayz Invest”, “Umid Avto Lizing”, “Umid Auto” каби 20 дан ортиқ МЧЖ ташкил этиб, фуқароларнинг маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келгани айтилганди.
Судланувчиларга 987 та эпизод бўйича айб эълон қилиниб, жами 88,5 млрд сўм зарар ҳисобланган. Судда улар 130 та эпизод бўйича айбсиз деб топилиб, оқланди. Айрим жабрланувчилар эса даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Шу тариқа судланувчилардан 834 та эпизод бўйича жабрланувчиларга 60 млрд сўмдан кўпроқ зарар ундириш белгиланди. Бунда ҳар бир судланувчи ўзи айбли деб топилган эпизодлар бўйича зарарни қоплаши назарда тутилган.
Автомобилни онлайн тартибда жарима майдонидан олиб чиқиш имконияти жорий этилди
Ҳукумат қарори билан автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Давлат хизмати ЯИДХП (my.gov.uz), Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси ёки Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилади.
Мурожаат қилувчи ЯИДХП (my.gov.uz) ёки мобил илова орқали мурожаат қилганда, сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Сўровномага киритилган мурожаат қилувчи маълумотларининг ҳаққонийлиги автоматлаштирилган тизим орқали текширилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш натижасига кўра, ЯИДХП ёки мобил илова орқали 1 иш куни ичида автомототранспортни жарима майдончасидан олиб чиқиш мумкинлиги ҳақида хабарнома юборилади.
Мавзуга оид
20:42 / 29.04.2026
Ҳаж мавсумининг бошланиш санаси ва ҳакер томонидан сотувга қўйилган маълумотлар – маҳаллий дайжест
19:50 / 28.04.2026
Марғилонда янги туризм мажмуаси ва 7 миллионга яқинлашган ўртача иш ҳақи – маҳаллий дайжест
18:35 / 27.04.2026
Қўқондан Марғилонга янги поезд ва Ангренда юк машинаси иштирокидаги фожиа — маҳаллий дайжест
19:08 / 24.04.2026