Жаҳон | 20:35
3032
9 дақиқада ўқилади

Ташиевга иккита модда бўйича айблов эълон қилинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевга Жиноят кодексининг биратўла икки моддаси бўйича айблов эълон қилинди. У мамлакат президенти Садир Жапаровнинг яқин сафдоши эди, аммо сўнгги уч ой ичида аввалига юқори лавозимидан айрилди, энди эса жиноий иш фигурантига айланди.

Фото: KYRGYZSTAN STATE COMMITTEE FOR NATIONAL SECURITY

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича айбланмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Икромиддин Айтқулов Kaktus.Media нашрига маълум қилди.

Қайд этилишича, сиёсатчигага нисбатан «ҳеч қаёққа кетмаслик тўғрисида тилхат» эҳтиёт чораси танланган. Ишни Қирғизистон ички ишлар вазирлиги тергов қилмоқда.

Қирғизистон ИИВ ҳозирча бу ҳақда расман хабар бермаган.

Адвокат ўз мижози қўйилган айбловни тан олмаганини маълум қилган.

29 апрел куни Ташиев вазирликнинг бош тергов бошқармасига икки марта сўроқ учун чақирилгани хабар қилинганди. Тундаги иккинчи сўроқдан кейин унга нисбатан айблов эълон қилингани ҳақидаги маълумот тасдиқланди.

Ташиевнинг ўзи эса айбсизлигини ва суд адолатли қарор қабул қилишига ишонишини айтмоқда. Сиёсатчи ўз тарафдорларини қонун доирасида ҳаракат қилишга ва намойишлар уюштирмасликка чақирган.

«Мен ўзимга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан сизларга мурожаат қилишим керак деб ҳисобладим. Ушбу жиноий ишда ўзимни тўлақонли ҳимоя қилиш имкониятига эгаман. Мен айбдор эмасман ва, Худо хоҳласа, оқланаман. Айбдорлар жазоланади, айбсизлар оқланади, чунки давлатимиз раҳбари мамлакатимизда адолатли суд тизимини яратиш учун ҳаракат қилмоқда», – дея ёзган сиёсатчи Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Жапаров ва Ташиев тандеми

Ҳозирда 57 ёшда бўлган Қамчибек Ташиев ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг яқин сафдошларидан бўлиб келган. Жапаров 2020 йил октябрида ҳокимиятга келганида Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Олдинги президентлар даврида Ташиев ҳам Жапаров каби мухолифатда эди. 2010-йилларда уларнинг иккиси ҳам ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўйича ишда фигурантга айланишган ва суд жараёнлари чоғида ҳибсда бўлишган.

Ташиев сўроққа чақирилиши ва унга нисбатан айблов эълон қилинишидан бир неча кун олдин, 25 апрел куни парламент депутати Элвира Сурабалдиеванинг у ҳақдаги интервюси чиққанди. Депутат журналистларга Ташиевнинг феврал ойида лавозимдан олиниши унинг давлат тўнтаришига уринишни уюштиришга алоқадорлиги билан боғлиқ эканини айтган.

«Президент – бағри кенг одам. Президентга ҳозир жуда қийин, чунки яқин дўсти уни лавозимидан четлатишга уринган. Катта эҳтимол билан, бу Ташиев ишдан бўшатилишининг асосий сабаби бўлган», – деган депутат.

Депутатнинг сўзлари жамоатчиликнинг ғазабини қўзитди. Қирғизистонликлар оммавий тартибсизликларни ташкил этишда айбланиб, ўнлаб фуқаролар – фаоллар, журналистлар ва ҳокимият танқидчилари жазоланган бир пайтда президентга яқинлиги Ташиевга жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш имконини бериши мумкинлигидан ғазаб отига минишди.

Шундан кейин Жапаров ҳам маҳаллий нашрларга берган интервюсида Ташиевнинг истеъфоси ва парламентдаги сиёсий интригаларга изоҳ бериб, вазиятни аввалбошдан назорат қилгани, қонун олдида яқин дўстлари ва қариндошлари ҳам тенг эканини таъкидлади. Шунингдек, Ташиевнинг давлат тўнтаришига уринишга алоқаси бор-йўқлигини тергов ва суд аниқлашини билдирди.

Давлат тўнтаришига уриниш бўлганми?

Қирғизстон конституциясининг олдинги таҳрири бўйича президент 6 йил муддатга ва бир марта сайланиши белгиланганди. 2020 йил кузидаги намойишлар орқали ҳокимиятга келган ва бир муддат вазифа бажарувчи сифатида давлатни бошқарган Садир Жапаров 2021 йил январидаги сайловларда ғолиб чиқиб, расман президентликка сайланди.

Ўша йил апрелида ўтказилган референдум орқали мамлакат конституциясига ўзгартириш киритилиб, мамлакат соф президентлик республикасига айлантирилади, бундан ташқари, президент ваколат муддати 5 йилга қисқартирилади, шу билан бирга, бир киши икки марта сайланиши мумкинлиги белгилаб қўйилади.

Садир Жапаровнинг 6 йиллик президентлик муддати 2027 йил январида тугаши керак, лекин ўша референдумдаги ўзгаришлар туфайли у энди иккинчи муддатга ҳам ўз номзони қўйиш имкониятига эга.

Навбатдаги сайловларга бир йил вақт қолганида Жапаров ўз позициясини мустаҳкамлашга киришди. Бу вақтда Ташиевнинг аҳоли орасидаги нуфузи ортиб бораётганди. Халқаро республика институти ўтказган сўровга кўра, Ташиевнинг рейтинги сўнгги йилларда 14 фоиздан 22 фоизгача ошган, бу вақтда президент Жапаровга бўлган ишонч даражаси эса 35-38 фоиз даражасида сақланиб қолган.

Мамлакатда ҳали расман президентлик пойгаси бошланмади, аммо айрим сиёсатчилар аллақачон муддатидан олдинги сайловлар ўтказиш ташаббусини илгари сура бошлади.

9 феврал куни, Ташиев ишдан бўшатилишидан бир кун олдин Жапаров ва Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Турғунбек уулуга «зудлик билан янги президентлик сайловини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш» ҳақидаги мурожаат келиб тушади. Ҳужжатни 75 киши имзолаган, улар орасида мамлакатнинг собиқ бош вазирлари, парламентнинг собиқ депутатлари ва жамоат арбоблари бор эди.

Шундан кейин Қирғизистон ички ишлар вазирлиги оммавий тартибсизликлар уюштирганлик юзасидан жиноий иш қўзғатди, ушбу мурожаатни имзолаганлардан бир неча нафари қўлга олинди. Улар орасида Ташиевнинг тарафдорлари ҳам бор эди.

10 феврал куни Ташиев лавозимидан озод этилади. Садир Жапаров бу қарорини жамиятдаги бўлинишнинг олдини олиш истаги билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, низо парламентда чиққан: у ерда депутатларни тарафларга ажратиш, «генерал» билан қўрқитиш, кейин эса муддатидан олдин сайловлар ўтказиш учун имзо тўплаш бошланган.

«Мен ушбу тезкор қарорим билан, аксинча, дўстимни асраб қолдим деб ҳисоблайман. Чунки унинг ёнида бўлганлар… дўстимни тўғри йўлдан оздиришган… Бу давлат аппарати ходимлари ва жамият орасида бўлинишларга, шунингдек, эҳтимолий тўқнашувларга олиб келиши мумкин эди.

Конституция президент зиммасига давлат яхлитлигини, халқ ва давлат хизматчиларининг бирлигини сақлаш мажбуриятини юклайди. Мен бу мажбуриятни қатъий бажардим. Чунки давлат ва бутун халқ манфаатлари лавозимлардан ҳам, дўстликдан ҳам устундир», – деганди Жапаров.

Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ҳарбий тиббиёт хизмати биноси очилишида Қамчибек Ташиевнинг қўлини сиқиб турибди, 2026 йил январ
KYRGYZSTAN STATE COMMITTEE FOR NATIONAL SECURITY

Ташиевларга қарши жиноий иш

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимида эканида Қамчибек Ташиев халқ орасида коррупцияга қарши оташин курашчи сифатида шуҳрат қозонганди. Унинг бошқаруви даврида давлат қўмитаси коррупция ҳолатлари бўйича ўнлаб ишлар очган ва юқори мартабали мулозимларни жиноий жавобгарликка тортган.

Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатда «қустуризация» (бошқача айтганда, «қустириш»), яъни коррупция ёки солиқларни тўламаслик ҳолатлари бўйича давлатга пул маблағларини қайтариш кампаниясини олиб борди. Ташиевнинг ўзи ушбу кампания доирасида беш йилда давлат бюджетига 300 миллиард сом, яъни 34 млн доллар туширилганини айтган.

Аммо у давлат қўмитаси раҳбарлигидан кетгач, Ташиевлар оиласининг ўзи коррупция можароси марказида қолди. Солиқ хизмати Ташиевнинг қариндошларини «Қирғизнефтгаз» давлат компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ёқилғини сотишда давлат маблағларини талон-торож қилишда айблади.

Март ойи ўрталарида коррупция иши доирасида унинг қариндошларидан бири Байгази Матисаков қўлга олинди, тергов версиясига кўра, у «Қирғизнефтгаз» ёқилғисини қайта сотиш билан шуғулланган компаниялардан бирига раҳбарлик қилган.

Ушбу схема доирасида етказилган зарар миқдори 4,1 миллиард сом, яъни 46 млн долларга баҳоланган. Матисаков билан биргаликда «Қирғизнефтгаз»нинг собиқ топ-менежерлари ҳамда бошқа компанияларнинг раҳбарлари ҳам қўлга олинган.

Бир неча ҳафта ўтиб, 1 апрел куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раисининг укаси ва парламентнинг собиқ депутати Шоирбек Ташиев ҳам ушбу иш фигурантига айланди. У 16 майга қадар ҳибсга олинган. У ҳам Ташиевлар оиласининг бошқа аъзолари каби ўзига қўйилган айбловларга иқрор эмаслигини билдирган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид