Ўзбекистон | 19:39
737
4 дақиқада ўқилади

Оқланган қатағон қурбонлари ва солиқ тўлаган топ-блогерлар – маҳаллий дайжест

Ўзбекистон Олий суди 1920-1934 йилларда совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда айбланган ўзбекистонликларни оқлади ва реабилитация қилди. Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда яшаётган II Жаҳон уруши қатнашчилари сони ҳақида маълумот берди. 2025 йилда 6 нафар топ-блогер 2,7 млрд сўм даромад олгани айтилди. Диний материалларнинг рухсат этилгани ёки тақиқланганини текширувчи бот ишга туширилди.

Совет даври қатағон қурбонларидан 161 нафари оқланди

Ўзбекистон Олий суди 1920-1934 йилларда совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда айбланган ва турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликларни оқлади ва реабилитация қилди. 6 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (Реабилитация учун асослар) асосан 8 та жиноят иши бўйича 161 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.

Қайд қилинишича, бу шахслар Туркфронтнинг Фарғона қўшинлар гуруҳи Ҳарбий кенгаши қошидаги Фарғона махсус бўлими ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашининг 1920-1934 йиллардаги қарорларига кўра босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам беришда, қуролли тўда тузишда, совет ҳокимиятига қарши қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий ҳаракатни амалга оширганликда айбланган. Улардан 33 нафари отувга ҳукм қилинган, қолганларига 2, 3, 5 ва 10 йилга концлагерга жўнатиш жазоси тайинланган. Судланганлар орасида аёл киши ва вояга етмаганлар ҳам бор.

Ўзбекистонда яшаётган II Жаҳон уруши қатнашчилари

6 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда яшаётган II Жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрийлар сони 60 кишини ташкил этади.

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, уруш қатнашчиларининг энг кўпи Тошкент шаҳрида истиқомат қилмоқда — 28 нафар. Ундан кейинги ўринни 11 нафар уруш фахрийси билан Тошкент вилояти эгаллаган. Фарғона вилоятида 5 нафар, Андижон, Хоразм ва Бухоро вилоятларида 3 нафардан, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида 2 нафардан, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида эса 1 нафардан фахрий бор. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Сирдарё вилоятларида уруш қатнашчилари қолмаган.

Фахрийларнинг 14 нафари уруш ногирони ҳисобланса, яна 14 нафари бевосита уруш қатнашчисидир. 13 нафари эса Ленинград қамалида иштирок этган, 19 нафари концлагерда тутқун бўлган.

2025 йилда 6 нафар топ-блогер 2,7 млрд сўм даромад олгани айтилди

Солиқ қўмитасида ўтказилган очиқ мулоқотда блогерларни солиққа тортиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд қилинишича, жараён ҳозир ўрганиш босқичида.

Солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, соҳани тизимли ўрганиш доирасида энг фаол 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилган. Алоҳида эътибор 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолиятига қаратилди. Аниқланишича, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та «сторис» ва 184 та реклама пости жойлаштирилган. Электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур блогерларнинг жами даромади 2,7 миллиард сўмни ташкил этган, бюджетга эса 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.

Диний материалларнинг рухсат этилгани ёки тақиқланганини текширувчи бот ишга туширилди

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тақиқланган диний материаллардан огоҳлантириш ва хабардор қилиш тизими – din.uzbbot (Xavfsiz bot) махсус чат-боти ишга туширилди.

Ушбу платформа орқали фуқаролар диний материалларнинг диншунослик экспертизаси хулосаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, шунингдек, айрим шахс ва ташкилотлар фаолияти қонунчиликка мувофиқ ёки тақиқланганини текшириш имкониятига эга бўлади.

2026 йил 6 апрел ҳолатига Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган жами ресурслар сони 1837 тага етган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид