Ўзбекистон | 19:38
937
4 дақиқада ўқилади

Қўриқлаш хизматига янги ваколатлар ва эрини урган аёлнинг жазоланиши – маҳаллий дайжест

Энди айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Қўриқлаш хизматининг мансабдорлари томонидан кўриб чиқилади. Эрини урган аёл жиноий жавобгарликка тортилиб, йирик миқдорда жарима тўлайдиган бўлди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига кузатиш тадбири ўтказилади. Вояга етмаган бола машинада уч қизни уриб юборди, улардан бири вафот этди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига кузатиш тадбири ўтказилади

22 май куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига тантанали кузатиш маросими ўтказилади.

Шу сабаб айрим кўчаларда соат 16.00–21.00 оралиғида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.

АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати 11 июн куни бошланиб, 19 июлда якунланади. Турнирда илк бор 48 жамоа иштирок этади. Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳ босқичида Португалия, Колумбия ва Конго ДР билан ўйнайди.

Бунгача Фабио Каннаваро бош мураббийлигидаги ўзбекистонликлар 1 июнь куни Эдмонтон шаҳрида Канада миллий жамоаси, 8 июнь куни Нью Йоркда Нидерландия миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади.

Қўриқлаш хизматига янги ваколатлар берилди

Энди айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш хизматининг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилади. Бу ҳақда 19 май куни қабул қилинган қонунда сўз боради.

Унга кўра, қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ИИО ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бошлиғи ва ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилади:

- жамоат жойларида тамаки ва алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш;

- белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш ва тўкиш;

- вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш;

- маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш;

- оз миқдорда талон-тарож қилиш;

- майда безорилик;

- диний материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;

- қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш;

- совуқ қуролни олиб юриш ва бошқалар.

Эрини урган аёл жиноий жавобгарликка тортилди

Фарғона шаҳрида эрини урган аёл жиноий жазога тортилди. Суд ҳукмига кўра, 27 ёшли аёл 2026 йил 20 феврал куни эри билан оилавий келишмовчилик сабаб ўзаро жанжаллашган. Аёл жанжал пайтида эрини қўли билан уриб, қасддан тан жароҳати етказган. Аёл судда айбига иқрор бўлган. У кўрсатмасида ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, эрини туртиб юборганини айтган. Жабрланувчи эркак эса хотинини кечирмаслигини айтиб, суддан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Суд ҳукми билан аёл Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий зўравонлик) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга БҲМ 20 баравари (8 млн 240 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Вояга етмаган бола машинада уч қизни уриб юборди, улардан бири вафот этди

Қўқон шаҳрида вояга етмаган бола Malibu автомобилини бошқариб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган 3 нафар қизни уриб юборди. Жабрланганларнинг барчаси 10 ёшда экани айтилмоқда. Оқибатда қизлардан бири тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бола процессуал тартибда ушланган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид