Жаҳон | 19:23 / 09.09.2025
17763
2 дақиқада ўқилади

Исроил Доҳадаги операция учун тўлиқ масъулиятни ўзига олди. Қатар ушбу ҳужумни «қўрқоқона» деб атади

Қатар ташқи ишлар вазирлиги «бу қўрқоқона ҳужумни қатъий қоралашини» билдирди. ҲАМАС расмийларига кўра, гуруҳ аъзоларига шикаст етмаган, улар Трампнинг сулҳ таклифини муҳокама қилиш учун йиғилганди. Нетаняҳу идораси ҳужумни ўзи ўтказганини билдирди.

Фото: Reuters

Қатар ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажид Ал-Ансарига кўра, зарба ҲАМАС сиёсий бюросининг бир неча аъзолари истиқомат қилаётган турар-жой биноларига берилган.

«Бу жинояткорона ҳужум барча халқаро қонунлар ва меъёрларни очиқчасига бузиш бўлиб, Қатар фуқаролари ва резидентларининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солади», дейилади баёнотда.

«Қатар давлати ушбу ҳужумни қатъий қоралаган ҳолда, Исроилнинг минтақа хавфсизлигини издан чиқарувчи бу бепарво ҳаракатларига ҳамда унинг Қатар хавфсизлиги ва суверенитетига қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларига мутлақо тоқат қилмаслигини билдиради. Ҳозирда энг юқори даражада тергов ишлари олиб борилмоқда, қўшимча тафсилотлар имкон қадар тез эълон қилинади».

ҲАМАС расмийларининг Al-Jazeera'га айтишича, Доҳада сулҳ таклифини муҳокама қилаётган йиғилишдаги барча аъзолар Исроилнинг суиқасдга уринишидан омон қолган.

Манбага кўра, Исроил зарбалари айнан Доҳада Трампнинг сулҳ таклифини муҳокама қилаётган гуруҳ амалдорларига қаратилган бўлган.

Исроил Доҳадаги операция учун тўлиқ масъулиятни ўзига олди.

«Бугунги ҲАМАСнинг энг юқори даражадаги раҳбарларига қарши амалга оширилган операция тўлиқ мустақил Исроил амалиёти бўлди. Исроил уни бошлади, Исроил уни ўтказди ва Исроил унга тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олади», дейилади бош вазир идораси баёнотида.

Ҳолат бўйича, АҚШнинг Доҳадаги элчихонаси баёнот бериб, «элчихона ўз биноларида жойида қолиш тартибини жорий қилгани»ни билдирди.

9 сентябр куни тушдан кейин Қатарнинг Доҳа шаҳрида бир нечта портлаш овозлари эшитилгани хабар берилганди.

Ахиос мухбири Барак Равид Исроил расмийларига таяниб, Доҳадаги портлаш ҲАМАС расмийларига суиқасд эканини айтди.

Шунингдек, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари айни дақиқада ҲАМАС раҳбариятига аниқ зарба берганини маълум қилган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид