Ўзбекистон | 18:30
687
4 дақиқада ўқилади

Қисман «светсиз» қолган Тошкент ва тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби — маҳаллий дайжест

Тошкентдаги «Юксак» нимстанциясида йирик носозлик юз берди ва айрим ҳудудлар электр таъминотисиз қолди. Тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби белгиланди. Тошкентдаги автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида товламачилик қилган гуруҳ аъзолари қамалди. Хоразмдаги қурилишда ишчини тупроқ босди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби белгиланди

Тадбиркорлик субъектларини текшириш жараёнида «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизими жорий этилади. Янги низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади. Шу билан бирга, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектлари юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик асосида ташкил этилади. Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Тошкент қисман «светсиз» қолди

28 июн соат 20:45 да Тошкент шаҳридаги «Юксак» нимстанциясида носозлик юз бериши оқибатида пойтахтнинг Миробод, Чилонзор ва Яккасарой ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилиш юз берди.

ФВВ хабарига кўра, электр таъминоти узилиши оқибатида Чилонзор туманида жойлашган Dream Park истироҳат боғидаги «Чархпалак» аттракционида одамлар қолиб кетган. Кейинчалик улар пастга туширилган.

Хабар қилинишича, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ходимлари нимстанцияда бўлиб, носозликни бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкентдаги автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида товламачилик қилган гуруҳ аъзолари қамалди

Тошкентнинг Учтепа туманидаги автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида ушланган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди. Ушбу гуруҳ аъзолари 2025 йил июнида қамоққа олинганди, улар 1988–2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган шахслардан иборат, аксарияти муқаддам судланган.

Таъкидланишича, жиноий гуруҳ аъзолари мижозларнинг автомобилларига олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатган. Шундан сўнг, ушбу хизмат учун бозор нархидан анча юқори қийматни талаб қилган. Рози бўлмаган мижозга қўрқитиш йўли билан таҳдид қилинган.

Учтепа туман судида 14 нафар судланувчига доир жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди. Уларга 3 йилдан 6,5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Хоразмдаги қурилишда ишчини тупроқ босди

Вилоят ФВБ хабарига кўра, Урганч шаҳри Ал-Хоразмий кўчасида олиб борилаётган қурилиш ишлари вақтида бир кишини тупроқ босиб қолган.

Қутқарувчилар ҳодиса жойига зудлик билан бориб, махсус анжомлар ёрдамида ишчини тупроқ остидан чиқариб олган. Тиббиёт ходимлари унга биринчи ёрдамни кўрсатган. Ҳозир унинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.

ФВВ фуқароларга қурилиш ва ер қазиш ишлари давомида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, тупроқ кўчиши хавфи мавжуд бўлган жойларда ҳимоя чораларини кўришни эслатди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид