Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Mobiuz алоқа операторининг сотилиши ва мактаблардаги катта экранларда футбол — маҳаллий дайжест
Mobiuz алоқа оператори америкалик молиявий инвесторларга 351 млн долларга сотилди. 220 та мактабда Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлари катта экранда намойиш этилади. 1 сентябрдан йўлкирани автобусга чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади. Дубайга арзон авиачипта таклиф қилиб, одамларнинг пулларини ўзлаштирган фирибгар ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Mobiuz алоқа оператори 351 млн долларга сотилди
McKim and Company (АҚШ) компанияси бошчилигидаги молиявий инвесторлар ва соҳавий технологик ҳамкор JVR Enterprises LLC иштирокидаги консорциум Ўзбекистондаги Mobiuz алоқа операторининг 100 фоиз улушини 351 млн долларга сотиб олди. Улар телекоммуникация инфратузилмасига 500 млн долларгача инвестиция киритиши ҳам кўзда тутилган.
Битимни якунлаш учун тегишли тартибга солувчи органларнинг зарур рухсатномаларини олиш, шунингдек белгиланган корпоратив ва ҳуқуқий тартиб-таомилларни бажариш талаб этилади.
Хусусийлаштириш жараёнида Rothschild & Co халқаро инвестиция банки стратегик консултант, катта тўртликка кирувчи KPMG молиявий консултант ҳамда Deloitte мустақил баҳоловчи сифатида иштирок этди.
220 та мактабда Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлари катта экранда намойиш этилади
Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон миллий жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида умумтаълим мактабларида «Мухлислар майдони» лойиҳаси ташкил этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарига кўра, бунинг учун 220 та туман ва шаҳарда умумтаълим мактаби танлаб олинган.
«Футбол томошалари учун барча қулайликларга эга бўлган мазкур мактабларда барча ўқувчилар, ота-оналар ва бошқа юртдошлар катта экран орқали жаҳон чемпионати ўйинларини жонли эфирда томоша қилиши мумкин», дейилади хабарда.
Йўлкирани автобусга чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади
1 сентябрдан бошлаб йўлкирани шаҳар автобусига чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади, деб хабар берди Транспорт вазирлиги. Айни пайтда йўлкирани автобусдан тушаётганда ҳам тўлаш мумкин.
Янги қоидага кўра, йўлкира ҳақи валидаторлар билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида, қуйидаги усуллар орқали тўланиши керак:
- транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда;
- банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов турларидан фойдаланиш (NFC, QR, Biometric, BLE, UWB ва бошқа технологиялар ёрдамида тўлаш);
- ижтимоий/транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш.
Йўлкира ушбу усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаган (тасдиқланмаган) тақдирда, йўловчи автобусда чиптасиз юрган деб ҳисобланади.
Дубайга арзон авиачипта таклиф қилиб, одамларнинг пулларини ўзлаштирган фирибгар ушланди
Фирибгарлик ва сохта ҳужжатлар тайёрлаш билан боғлиқ жиноятлар учун қидирувда бўлган шахс Хоразмда қўлга олинди.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, Фарғона вилоятида туғилган ушбу шахс ижтимоий тармоқларда одамларга Дубай авиачипталарини арзон нархда олиб беришни ваъда қилган ва уларнинг пулларини ўзлаштирган.
Таъкидланишича, у Урганч шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшириниб юрган ва ўзини ички ишлар органларининг тезкор ходими, катта лейтенант сифатида таништирган. Қўлга олиш вақтида унинг ёнидан катта лейтенантнинг хизмат кийими, сохта хизмат гувоҳномаси, Ички ишлар вазирлиги ёзувли муҳрлар, Бирлашган Араб Амирликлари логотипи туширилган муҳр, Саудия Арабистони фуқароси сифатида таништириш учун тайёрланган сохта ҳужжатлар, турли SIM-карталар топилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
19:57 / 03.06.2026
Шўртан ГКМ бўйича йирик коррупция ва фожиали тунги пойга — маҳаллий дайжест
20:45 / 02.06.2026
Андижонда ўмарилган солиқ кешбэки ва жангга шай 26 «оқ бўри» – маҳаллий дайжест
22:00 / 26.05.2026
Китобхон ёшлар учун 50 минг доллар ва меъёрдан иссиқ июнь — маҳаллий дайжест
18:37 / 25.05.2026