Ўзбекистон | 19:51
1312
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон — туризм етакчиларидан бири ва одамларни қопган чиябўри — маҳаллий дайжест

Ўзбекистон сайёҳлар оқими ўсиши бўйича дунё етакчилари қаторига кирди. «Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади. Сирдарёда чиябўри одамларга ҳужум қилди. Сурхондарёда «Алфа» номли жиноий гуруҳ аъзолари жазоланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон сайёҳлар оқими ўсиши бўйича дунё етакчилари қаторига кирди

БМТ Туризм ташкилоти (UN Tourism) ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга келган халқаро сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ошди. Бу кўрсаткич мамлакатни туризм соҳасида энг жадал ўсиш қайд этган давлатлар қаторига олиб чиқди.

Ҳисоботга кўра, мазкур даврда энг юқори ўсиш Парагвайда 46 фоиз, Янги Каледонияда 45 фоиз ва Сальвадорда 43 фоиз бўлган. Кейинги ўринларда Мўғулистон (39 фоиз), Ўзбекистон (37 фоиз), Палау (37 фоиз), Тонга (25 фоиз), Ангилья (25 фоиз), Ирландия (24 фоиз) ва Бруней (23 фоиз) қайд этилган.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади

Қонунчилик палатаси мажлисида айрим тушунча ва юридик атамаларни ягона шаклда қўллаш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Хусусан, «аванс» сўзини «бўнак», «маркировка»ни «тамғалаш», «маршрут»ни «йўналиш», «светофор»ни «йўлчироқ», «коворкинг»ни «иш маркази», «пароль»ни «ўрон», «прогрессив» сўзини эса «илғор» деб ўзгартириш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларнинг қўлланишидаги ноаниқликларни бартараф этишга, уларни бирхиллаштиришга хизмат қилади.

Сирдарёда чиябўри одамларга ҳужум қилди

Гулистон туманида чиябўри одамларга ҳужум қилди. Ҳодиса 9 июнь куни Ишонч маҳалласида, дала четига яқин ҳудудда содир бўлган. Чиябўри 4 кишига ҳужум қилган. Шу маҳаллада яшовчи эркак тезкор чоралар кўриб, ҳайвонни «зарарсизлантирган».

«Жароҳат олган фуқароларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилди. Ҳозир уларнинг саломатлиги тиббиёт ходимлари назоратида бўлиб, аҳволи қониқарли», дейилади ҳокимлик хабарида.

Сурхондарёда «Алфа» номли жиноий гуруҳ аъзолари жазоланди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида безорилик ва товламачилик билан шуғулланиб келган «Алфа» номли жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Гуруҳ 2026 йил январида қўлга олинган. Денов туманида яшовчи 28 ёшли фуқаро яна тўрт нафар шериги билан бирлашиб, осон даромад топиш мақсадида бир нечта безорилик ва товламачилик жиноятларини содир этган.

Хусусан, кўчада бир фуқарони ушлаб, автомашинасига мажбурлаб ўтқазиб, ундан 2500 доллар беришни талаб қилган. Улар жабрланувчининг Labo автомобили калити ва ҳужжатларини олиб қўйган. Икки нафар судланувчи 3 йилга, бир нафари 5 йил, яна икки нафари эса 5 йил-у бир ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид