Ўзбекистон | 18:51
453
4 дақиқада ўқилади

Чирчиқ бўйида янги дам олиш маскани ва ёмон ишлаётган банклар рўйхати — маҳаллий дайжест

Чирчиқ дарёси бўйида янги ишбилармонлик ва дам олиш ҳудуди ташкил этилади. Тошкентда 9-синф ўқувчиси ҳайдаган автомобил автобус билан тўқнашди. Мижозлар билан энг ёмон ишлаётган банклар рўйхати эълон қилиб борилади. Тошкентда ички ишлар мансабдори пора билан ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Чирчиқ дарёси бўйида янги ишбилармонлик ва дам олиш ҳудуди ташкил этилади

Тошкент шаҳрида Чирчиқ дарёси бўйлаб замонавий ишбилармонлик, турар жой ва дам олиш ҳудудларини ўз ичига олган «Дарё бўйи Business City» лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Бектемир туманида бўлиб ўтган тақдимотда Чирчиқ дарёсининг 24 километрлик қисми бўйлаб ҳудудни комплекс ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида дарё қирғоқларини икки томонлама ободонлаштириш, замонавий турар жой мажмуалари ва ишбилармонлик марказларини барпо этиш, жамоат масканлари ҳамда транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Шунингдек, тақдимот давомида Тошкент шаҳрида 12 та сунъий кўл барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар шаҳарнинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳоли учун янги рекреацион масканлар яратишга хизмат қилади.

Мижозлар билан энг ёмон ишлаётган банклар рўйхати эълон қилиб борилади

Марказий банк мижозларнинг шикоятлари асосида энг ёмон ишлаётган банклар рўйхатини эълон қилиб боришни режалаштиряпти. «Биз биринчи марта банкларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича индексини ишлаб чиқдик. Келаси ҳафта энг ёмон кўрсаткичларга эга банкларни эълон қилишни бошлаймиз», деди регулятор раиси Тимур Ишметов.

Унинг сўзларига кўра, бир ойдан кейин Марказий банк ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фуқароларнинг банк хизматлари бўйича мурожаатлари учун иккита канал очади. Бунда фуқаролар мурожаат билан чиқиши мумкин бўлади, банклар эса бир соат ичида жавоб бериши ва масалаларни ҳал қилиши керак.

Регулятор раҳбари Марказий банкнинг ўзида ҳам коммуникация борасида муаммолар бўлганлигини тан олган ҳолда, ўтган ойда колл-марказ янгиланиб, алоқа марказига айлантирилгани ва ҳозир тест режимида ишлаётганини айтиб ўтди.

Тошкентда 9-синф ўқувчиси ҳайдаган автомобил автобус билан тўқнашди

Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ўсмир томонидан бошқарилган енгил автомобил йўл-транспорт ҳодисасига учради, ҳеч ким тан жароҳати олмади.

Ҳодиса 15 июнь куни эрталаб содир бўлган. 9-синфни якунлаган икки нафар ўсмир катталар назоратисиз ҳолда енгил автомобил билан йўлга чиққан. Ҳаракат давомида рул ортида бўлган ўсмир транспорт воситаси устидан назоратни йўқотган ва йўл четида турган автобус билан тўқнашган. Автобусда йўловчилар бўлмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, автомобил оила аъзоларининг рухсатисиз бошқарилган. Ҳолат юзасидан текширув ўтказилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тошкентда ички ишлар мансабдори пора билан ушланди

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ТҚХ жиноят қидирув бўлими бўлинма бошлиғи пора билан ушланди. У тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан фирибгарлик билан қўзғатилган жиноят ишини ўзининг мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни айтган. Бунинг эвазига 7 минг доллар талаб қилган.

Шунингдек, тадбиркорга тегишли ресторанда содир бўлган ёнғин оқибатида мазкур муассаса ишчисининг куйиш жароҳати олгани юзасидан қўзғатилган жиноят ишини тугатиб бериш учун 500 доллар сўраган. Шу тариқа, бўлинма бошлиғи икки ҳолат бўйича 7,5 минг доллар талаб қилган. У келишилган пулдан 2,5 минг долларини олган вақтида ушланган.

Мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид