Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий жамоанинг тарихий ўйини ва биринчи сунъий йўлдош интернети — маҳаллий дайжест
Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида биринчи ўйинни ўтказди. Давлат хизматчилари учун қамоқхонага экскурсия амалиёти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда Amazon Leo сунъий йўлдош интернети ишга туширилади. Тошкентда Volkswagen автомобилларини йирик узелли йиғиш ташкил этилади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида биринчи ўйинни ўтказди
«Оқ бўрилар» мундиалдаги иштирокини мағлубият билан бошлади. Мехико шаҳридаги «Ацтека» стадионида Колумбияга қарши ўтказилган ўйин 1:3 ҳисобида якунланди.
Биринчи бўлимда тўлиқ ташаббусга эгалик қилган жанубий америкаликлар 40-дақиқада Даниел Муньос голи эвазига ҳисобни очди. 60-дақиқада Элдор Шомуродов зарбасидан кейин тўп дарвозабон орқали бўш дарвоза қаршисида турган Аббосбек Файзуллаевга етиб келди ва яримҳимоячи Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голига муаллифлик қилди. Аммо кўп ўтмай Колумбия яна ҳисобда олдинга чиқиб олди: тезкор қарши ҳужумни Луис Диас гол билан якунлади. Сўнгги дақиқаларда Ҳаминтон Кампас бош билан Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозани ишғол этди.
Бош мураббий Фабио Каннаваро шогирдлари навбатдаги ўйинни 23 июн куни Португалияга қарши ўтказади.
Ўзбекистонда Amazon Leo сунъий йўлдош интернети ишга туширилади
Amazon Leo (АҚШ) компанияси ҳамда «УЗ-САТ» қўшма корхонаси ўртасида Ўзбекистон ҳудудида юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет хизматларини тарқатиш бўйича келишув имзоланди.
Унга кўра, Amazon Leo сунъий йўлдош алоқа тармоғи юқори тезликдаги интернетга уланиш хизматларини тақдим этади. Ушбу хизматлардан фойдаланувчилар нафақат шаҳар ҳудудида, балки телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот берилишича, мижозлар тармоққа Amazon Leo Nano, Amazon Leo Pro ва Amazon Leo Ultra каби юқори самарадорликка эга ихчам антенналар орқали уланиб, мамлакатнинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали интернет хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Давлат хизматчилари учун қамоқхонага экскурсия амалиёти йўлга қўйилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда давлат хизматчилари учун жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарига профилактик экскурсия амалиёти йўлга қўйилди.
Таъкидланишича, экскурсиянинг асосий мақсади — коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг оғир оқибатларини давлат хизматчиларига бевосита кўрсатиш, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатнинг муқаррар ҳуқуқий оқибатлари ҳақида аниқ тасаввур шакллантириш, хизмат ваколатидан фақат давлат ва жамият манфаатлари йўлида фойдаланиш масъулиятини ошириш ҳамда ҳалоллик, қонун устуворлиги тамойилларига содиқликни кучайтиришдан иборат.
Экскурсия давомида давлат хизматчилари тергов хоналари, ҳибсда сақлаш камералари ҳамда муассасаларнинг бошқа инфратузилма объектлари билан яқиндан таништирилган. Шунингдек, коррупциявий жиноятлар учун жазо ўтаётган шахслар билан мулоқотлар ташкил этилган.
Тошкентда Volkswagen автомобилларини йирик узелли йиғиш ташкил этилади
Тегишли лойиҳага президент Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан старт берилди.
Икки мамлакат етакчилари бир қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларини имзолади ва бошлаб берди. Volkswagen заводидан ташқари, Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, темирйўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш каби лойиҳалар шулар жумласидан.
Таъкидланишича, ушбу ташаббусларни амалга ошириш саноат кооперациясини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мавзуга оид
19:17 / 17.06.2026
Инвесторлар учун янги кафолатлар ва аҳолидаги мобил телефонлар миқдори — маҳаллий дайжест
18:51 / 16.06.2026
Чирчиқ бўйида янги дам олиш маскани ва ёмон ишлаётган банклар рўйхати — маҳаллий дайжест
20:01 / 15.06.2026
Маҳкумлар учун енгиллик ва эски автомобиллар учун экологик компенсация — маҳаллий дайжест
21:18 / 12.06.2026