Ўзбекистонда B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш таклиф этиляпти.
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Унга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун талаб этиладиган тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилиш белгиланяпти.
2021 йилдаги ҳукумат қарорида давлат таълим муассасаларига ишга янги қабул қилинаётган хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги кўзда тутилган. Давлат олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун эса камида С1 даражадаги сертификат талаби белгиланган. Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларидаги барча хорижий тил ўқитувчилари ҳам камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлиши кераклиги назарда тутилганди.
Қонунчиликда хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даража талаби белгиланган бўлса-да, ушбу талаб меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни ишдан четлаштириш учун тўғридан тўғри ҳуқуқий асос сифатида назарда тутилмаганди. Шу сабаб тегишли қарорга ўзгартириш киритиляпти.
Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 12 августга қадар давом этади.










