Чехиянинг шимоли-шарқидаги Злате-Гори шаҳри яқинида йирик кон аниқланди. Давлатга қарашли DIAMO корхонасининг дастлабки маълумотларига кўра, конда қарийб 11 тонна олтин захиралари бор.
Кон ҳудудидаги рудаларда олтиндан ташқари мис ва рух ҳам мавжуд. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, йилига 200 минг тонна рудани қайта ишлаш орқали 265 тонна мис ва 1556 тонна рух ажратиб олиш мумкин. Ҳозирда кон таркибида галлий бор-йўқлиги ҳам текширилмоқда.
Лойиҳага кўра, кон 10 йил давомида ишлаши режалаштирилган. Бироқ лойиҳанинг умумий муддати 15 йилни ташкил этади: уч йил тайёргарлик ишларига, 10 йил қазиб олишга, яна икки йил эса конни ёпиш ва ерларни қайта тиклашга ажратилади. Қўшимча геологик қидирув ишлари натижасида янги захиралар аниқланса, коннинг ишлаш муддати узайтирилиши мумкин.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ҳудудни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар жалб этиш ҳам кўзда тутилган. Бироқ уларнинг миқдори ва йўналишлари ҳозирча белгиланмаган. Шунга қарамай, конни ишга тушириш ҳақида ҳозирча якуний қарор йўқ. Бунинг учун батафсил тадқиқотлар ва қўшимча геологик қидирув ишлари ўтказилиши, шунингдек, кончилик фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири баҳоланиши керак. Хусусан, мутахассислар сув манбаларига эҳтимолий таъсир, шовқин ва чанг даражаси, йўлларга тушадиган юклама ҳамда портлатиш ишларининг хавфсизлигини ўрганиши керак бўлади.
Чехияда 11 тонна олтин захирасига эга кон аниқланди
18:50 / 21.10.20261 0752 мин
Чехиянинг шимоли-шарқидаги Злате-Гори шаҳри яқинида қарийб 11 тонна олтин захираларига эга кон топилди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, конни ўзлаштириш муддати 15 йилни ташкил этади: уч йил тайёргарлик ишларига, 10 йил қазиб олишга, яна икки йил эса ҳудудни ёпиш ва ерларни қайта тиклашга ажратилади.













