13:08 / 21.01.2021
5226
Тожикистонда масжидлар қачон очилиши маълум қилинди
Фото: Asia-Plus

1 февралдан бошлаб Тожикистон масжидларида жамоат намозларини ўқишга рухсат берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Asia Plus» нашри хабар бермоқда. Нашр манбасига кўра, коронавирусга қарши курашиш штабининг 20 январ куни бўлиб ўтган йиғилишида бу ҳақда қарор қабул қилинган.

Хабарда ёзилишича, агар кутилмаган фавқулодда ҳолат юз бермаса, мамлакатдаги барча масжидлар 1 феврал куни очилади. Тегишли идоралар масжидлар очилгандан сўнг қандай қоидаларга амал қилиши кераклигини яқин орада маълум қилади.

Қайд этилишича, Тожикистонда масжидлар 2020 йил 3 март куни ёпилган ва ўша ойнинг охирида қайта очилган эди. Бироқ коронавирус тарқалиши билан боғлиқ хавф ошиб боравергандан сўнг пандемиянинг олдини олиш мақсадида 18 апрелда яна ёпилади. Ўшандан буён Тожикистонда масжидлар ёпиқлигича қолмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир неча кунда мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмаяпти. Бу ҳолат коронавирусга қарши курашиш штаби томонидан мамлакат бўйлаб жорий қилинган карантин чекловларини юмшатиш ҳақида қарор чиқарилишига туртки бўлган.

Маълумот учун, Коронавирус пандемиясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Ўзбекистонда масжидлар 2020 йил 20 март кунидан бошлаб ёпилган эди. Август ойига келиб, пандемия тарқалиши билан боғлиқ вазият бироз юмшагандан сўнг, республика махсус комиссияси қарори билан 17 августдан бошлаб масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилишга қайта рухсат берилди. Комиссиянинг ўша қарорида жума намозини жамоат бўлиб ўқишга рухсат йўқ эди. Жума намозини ўқишга 5 сентябрдан рухсат берилди 

Top