21:16 / 22.02.2021
65189
Жиззахда вилоят ҳокимининг акаси ва ўғли миллиардлаб сўмлик лойиҳаларга эгалик қилмоқда

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Алибекович Солиевнинг ўғли Элбек Эргашевич Солиев ҳамда унинг акаси Шавкат Алибекович Солиев иштирокидаги компаниялар вилоят ҳудудида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келишмоқда.

Телеграмдаги Davletovuz канали муаллифи «Қоракўз-инвестор, жигар-тадбиркор» сарлавҳали навбатдаги суриштирувида ҳам Жиззах вилоятидаги таниш-билишчилик ва манфаатлар тўқнашуви мавзусини кўтарди. Унинг аниқлашича, сўнгги йилларда Жиззах вилоятида турли лойиҳаларда фаол иштирок этиб келаётган Россиянинг AAA INVESTMENT COMPANY компанияси - хорижий инвестор ниқобидаги ўзбекистонлик Шавкат Алибекович Солиевга тегишли.

AAA INVESTMENT COMPANY компанияси Россияда 2018 йил 20 февралда 1 млн рубллик устав фонди билан рўйхатдан ўтган, март ойида эса Ўзбекистонда ушбу компания (90 фоиз) ва Элбек Солиев таъсисчилигида AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси очилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил ноябридаги қарори билан тасдиқланган 2020-2022 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига кўра, AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси ташкил этиши белгиланган. Эътиборли томони, ушбу мақсадлар учун ер ажратиш бўйича қарор Зомин тумани ҳокими томонидан 2019 йилдаёқ чиқариб қўйилган.

Мажмуа қиймати 14 млрд сўм бўлиб, 7 млрд компания ҳисобидан, 5 млрд сўми Миллийбанк кредитлари ҳисобидан, 200 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан амалга оширилиши керак.

Компания туманда чорвачилик билан боғлиқ яна бир лойиҳани амалга оширишни ният қилган. Қўшма корхона очилган ойнинг ўзидаёқ туман ҳокими ер ажратиш бўйича қарор чиқариб берган.

Мазкур корхона томонидан Шароф Рашидов тумани, Учтепа қишлоқ фуқаролар йиғинида умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилган. ОАВда эълон қилинган реклама материалидан маълум бўлишича, Миллийбанк томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига боулинг маркази ва 3D кинотеатр қурилиб, зарур жиҳозлар харид қилинган. 3D кинотеатр 2та залдан иборат бўлиб, ҳар бири 50та томошабин ўрнини ўз ичига олади.

Қўшимча қилинишича, Шавкат Солиев ва Элбек Солиев 2018 йил апрелида 90/10 улушда METAN KOREA МЧЖ қўшма корхонасини ҳам очишган.

«Афтидан, амаки-жияннинг бизнес ҳамкорлиги узоқ даврларга бориб тақалади. Улар 2011 йилда Фориш туманида FISH CO МЧЖ қўшма корхонасини 99,5 фоиз/0,5 фоиз улушида очишган», дейди муаллиф. 

Элбек Солиев турар жой биноларини қуриш билан шуғулланадиган RISER SUN МЧЖнинг ҳам чорак улушига эгалик қилиши маълум қилинган.

  • 2020 йил декабрида жамоатчиликка Жиззах вилояти ҳокимининг бошқа бир фарзанди - Наргиза Солиева эгалик қиладиган My Flower компанияси Жиззах шаҳри марказий кўчаларига гул ва манзарали ўсимликлар экиш бўйича 2020 йил феврал, июн ва ноябр ойларида ўтказилган, умумий қиймати 4 миллиард сўмга яқин танловларда ғолиб чиққанидан хабар топганди. Бунинг ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги таъсисчиларидан бири ҳокимнинг қизи бўлган компания танловларни ютиб олиши ҳолатларини «ўз ваколатлари доирасида ўрганишни бошлагани»ни, бу бўйича Жиззах вилоятига сўров юборилганини маълум қилганди.
  • Ўтган йил охирида davletovuz канали Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани, Акрам Раҳмонқулов ўзи қариндошлари ютган тендерларда комиссия раиси сифатида ваколатли шахс бўлганини ҳам аниқлаганди.
  • 2021 йил январида Жиззах шаҳрида қурилаётган бинолардан бири қулаб тушгач, Акром Раҳмонқулов ишдан олинди, президент Шавкат Мирзиёев уни «сиёсатга хиёнат қилган» деб топди, кейинроқ унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Top