21:44 / 27.05.2021
24086
«Қизларимни қандай ҳимоя қиламан?» — Оналарни ўйлантираётган хавотир

Вояга етказаётган қизлари келгусида зўравоннинг зулмидан жабрдийда аёлга, ўғиллари эса зўравон эркакка айланмаслиги учун ота-оналарга айрим тавсияларни келтириб ўтамиз.

Фото: pic2

Қуръони Каримдаги суралардан бири «Нисо», яъни «Аёллар» дея номланади. Шунинг ўзи ҳам динимизда бу нозик ҳилқатнинг улуғланиши, шаъни юксак тутилиши, ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояланишининг белгисидир.

Бугунги жамиятимизда эса охирги вақтларда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқлардаги энг кўп тарқалаётган ва ўқилаётган маълумотларга айланмоқда.

Юртимиз бўйлаб акс-садо бераётган Андижондаги 5 ойлик келин воқеаси ёки Самарқанддаги 17 яшар қизнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар кишини қўрқувга солади. Зеро, ҳар биримиз оиламизда кўз қорачиғида асраганимиз – қизларимизни ўқишга, сузишга, тил ўрганишга бехавотир бориб келишларини истаймиз.

Юқоридаги ҳолатларга қонун доирасида чора кўрилар, лекин бу билан оналар юраги қизининг келажагидан хавотир олмаслик таскинини топмайди.

Мисол тариқасида, 2021 йилнинг биргина апрель ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 ишонч телефонига жами 1956 та мурожаат бўлган, шундан 90 фоиздан ортиғи, яъни 1564 таси хотин-қизлардан келиб тушган. Республика бўйича фаолият юритаётган Реабилитация ва мослаштириш марказларига эса жами 1768 та мурожаат бўлган ва бунинг ҳам катта қисми, яъни 1589 таси – хотин-қизларнинг мурожаатларидир.

Энг кўп шикоятлар моддий ва ижтимоий ёрдамга муҳтожлик, яъни иқтисодий зўравонликдан ва руҳий зўравонлик билан боғлиқ. Шу бир ойнинг ўзида зўравонликка учраган 127 нафар фуқаро (66 нафар аёл ва уларнинг 61 нафар 18 ёшгача бўлган фарзандлари) марказларга жойлаштирилган.

Кўринадики, аёлларимизга кўпроқ шу икки турдаги ҳолатларда: руҳий ва иқтисодий зўравонликка дуч келишганда ёрдам керак бўлади.

Руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли.

Иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда қилинган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракатлар ҳисобланади.

Яъни оила мисолида кўрилса, аёлга ишлаш тақиқланади, ўз эҳтиёжлари учун пул берилмайди, ҳатто озиқ-овқатдан тортилиши мумкин. Ёки ишласа ҳам қўлидаги маблағ тийинигача ҳисоб-китоб қилинади. Айнан мана шу молиявий қарамлик сабаб жабрланувчи зўравондан кета олмайди, унинг зулмларига чидашга мажбур бўлади.

Ўзбекистон Гендер комиссиясининг «Зўравонликка йўл йўқ» лойиҳаси 251 нафар хотин-қизлар орасида ўтказган сўровномада уларнинг 112 нафари ўзини ва фарзандларини боқиш учун маблағи йўқлиги сабаб зўравонлик ва тазйиқларга чидашга мажбурлигини билдиришган.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор Дилноза Сиддиқова:

— Иқтисодий зўравонликка учраган аёлларни бу вазиятдан чиқариш учун маҳаллаларда ҳам иш олиб борилмоқда. Молиявий кўмакка муҳтож, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Аёллар дафтари» юритилиб, уларга ўз шароитларини яхшилаш учун имконият яратилди.

«Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истаган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача, яъни 36 млн 750 минг сўмгача бўлган кредитлар ажратилади. Бу дафтарга киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсациясини ҳам тўлаб бериш амалиёти жорий этилди.

Бундан ташқари, аёлларимизнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш, уларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англатиш ҳам лозим бўлади. Масалан, Реабилитация ва мослаштириш марказларига энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳридан келиб тушган. Бунга асосий сабаб – вилоятларимиздаги жуда кўпчилик аёлларимиз шундай марказлар борлиги, уларга қандай боғланиш мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эмаслигида.

Шу ўринда эслатиб ўтишим лозим, зўравонликнинг турли кўринишига дуч келган ҳолатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 ишонч телефонига қўнғироқ қилишсин. Ёки Najot иловаси орқали ҳар бир вилоятдаги реабилитация марказларига боғланиш керак бўлади.

Ҳар бир шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланади ҳамда Реабилитация ва мослаштириш марказлари зўравонликнинг барча шаклларидан жабрланган шахсларга ҳар қандай ҳуқуқий, психологик, тиббий ва бошқа ижтимоий ёрдамлар бепул тарзда тақдим этилади.

Шунингдек, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган ҳар бир хотин-қиз тегишли органларга ёки судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Агар оилавий муносабатлар сабаб тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл судга мурожаат қилса ундан давлат божи ундирилмайди.

Гулираъно Эролова, психолог:

— Мижозларимнинг кўпчилиги айнан руҳий ва жисмоний зўравонликдан азият чекишади. Сабаби ўрганилганда улар ёшлигидан шундай муҳитда ўсгани, ўзига ишончи пастлиги, ўз шахсий «мен»ини тополмагани учун бошқалар томонидан ҳам шундай муносабат кўрсатилган.

Аксарият ҳолатларда ўзига паст баҳо берадиган аёллар хўрланишади, зўрланишади. Жамиятимизда қиз бола тарбиясини босим остида ушлаш одат тусига кирган. Босим билан тарбияланган қизларда ўзига нисбатан ишонч сусайиб боради. Оқибатда ўзини яхши нарсаларга муносиб эмасман деган фикрга келишади.

Ўзига ишонч қанчалик пасайиши билан аёлда калтак ейишга, жабрланишга мойиллик ҳосил бўла бошлаши мумкин. Аёл киши кўпинча тили сабаб калтак ейиши мумкин, чунки унда эркаклар уронғич, сўконғич деган фикр вужудга келган ва худди шундай бўлиши керак деб ўйлайди.

Аёлларда бу муаммони ҳал қилишга қаратилган ечимлардан бири – уларнинг билим олиши. Улар ниманидир ўрганиб, нима биландир шуғулланиб, касб-корини йўлга қўя бошладими – ўзига бўлган ишонч пайдо бўла бошлайди, ўзини ҳурмат қилишни бошлайди. Шундан сўнггина атрофдагилар ҳам уни ҳурмат қила бошлашади. Лекин бирданига бу ишонч пайдо бўлиши-ю, ўзини ҳурмат қилишни ўргатиш қийин. Чунки дастлаб ота-она томонидан, кейин эр томонидан ўтказилган тазйиқлар йиллар давомида ўз кучини кўрсатади.

Баъзи ҳолларда ишлайдиган аёлларда ҳам бу муаммо юзага чиқади. Чунки болаларимиз тарбиясида уларга жабрдийда образини билиб-билмай ўзимиз сингдирамиз. Улардан бирор хатолик ўтганда тўғрисини айтиб, тан олишса калтаклаймиз, шундай пайтда ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатишганда эса калтакдан қутулиб қолишади. Бу билан болада шундай қилиб вазиятдан чиқишга, атрофдагиларнинг раҳмини келтиришга рағбат уйғонади. Бу шунчалик қўрқинчли ҳолки, келажакда бошқаларнинг раҳмини келтириш учун ўз жонига қасд қилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун аввало уларга билим бериш, дунёқарашини кенгайтириш, вазиятлардан тўғри йўл билан чиқа олишни ўргатиш керак. Бўлажак оналарни фарзанд тарбиясига тайёрлаш, қиз бола тарбиясида психолог ёрдамига суянишдан уялмаслик керак. Чунки қизлар тарбиясига эътиборсизлик жамиятнинг хатосига айланиши мумкин.

***

Қиздан кўра ўғил фарзанд кўрганда кўпроқ фахрланадиган халқмиз. Ўғил чақалоқлар билан фахрланиш баробарида, уларда аёл сиймосига тўғри кўз билан қарашга, таълим-тарбия беришда қизимизни ўғлимиздан кам кўрмасликка ўрганмас эканмиз, кўпчиликни «Қизларимни қандай ҳимоя қиламан?» деган ўй қийнаши турган гап.

Аввало, ҳар бир оила ўзига муносиб фарзанд тарбиялашга интилади, лекин қизларимизни ташқи зўравонликлардан асрашнинг энг тўғри йўли – уларга ҳимояланишни ўргатиш ва йигитларда аёл шахсига нисбатан ҳурмат уйғотиш.

Аёлнинг ҳимояси уларнинг қўлида эканини яхши англатсак, ўғилларимиз зўравонга айланмайди. Диний ва дунёвий билимлар олишига қарши бўлмай, имкониятлар яратиб берсак эса, қизларимиз жабрланувчи бўлиб қолмайди.

Гулмира Тошниёзова

Top